Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат ҳуқуқи бўйича янги ўзгаришларни биласизми?
15:01 / 2019-12-20

Тошкент давлат юридик университетида “Ўзбекистон Республикасида меҳнат соҳасидаги уч томонлама ижтимоий шерикликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида илмий анжуман ўтказилди.


Тошкент давлат юридик университетида “Ўзбекистон Республикасида меҳнат соҳасидаги уч томонлама ижтимоий шерикликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида илмий анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва ёшлар иштирок этган тадбирда асосий эътибор ижтимоий-меҳнат муносабатларини самарали тартибга солишда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти, уни ташкилий ва ҳуқуқий такомиллаштириш йўлларига қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳририда назарда тутилаётган меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича янгиликлар муҳокама қилинди.

Меҳнат қонунчилигини янада ислоҳ қилиш меҳнат бозори самарали ишлашини таъминлаш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги мутаносибликка эришиш, ходимнинг ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, иш берувчининг эса рақобатбардош маҳсулотни ишлаб чиқаришга бўлган қизиқишини орттириш, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясининг амалий механизмларини таъминлашнинг қонуний асосларини белгилашдан иборат.

– Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасига меҳнат соҳасида ижтимоий шерикчиликка бағишланган олтита бобни ўз ичига олувчи мустақил бўлим киритилди, – дейди Тошкент давлат юридик университети меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси Достонжон Муродуллаев. – Биринчи маротаба “меҳнат соҳасида ижтимоий шерикчилик” тушунчасининг мазмуни Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларида белгиланган ижтимоий шерикчилик принципларини инобатга олган ҳолда ижтимоий шерикчиликда иш берувчи ва ходимлар вакиллиги масалалари батафсил тартибга солинган. Меҳнат кодексининг янги таҳрири лойиҳаси regulation.gov.uz. порталида муҳокама учун жойлаштирилган эди. Мақсад аҳоли бу борадаги ўзгаришлардан хабардор бўлиши ва тўғри муносабат билдиришидир.

Мутахассислар маърузаларида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик органларининг фаолияти, 2019 йил 6 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонуни бўйича касаба уюшмаларининг асосий вазифаларига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқлик каби асосий принциплари белгилаб берилмоқда. Шу билан бирга, касаба уюшмалари, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилиши кафолатлари белгиланмоқда. Жумладан, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмалари ва улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди.

– Касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимлар учун кафолатлар, касаба уюшмалари органларига сайланган ходимлар учун меҳнатга оид қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши юридик бўлими мудири Ҳамидулла Примқулов. – Шунингдек, қонун ходимлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмалари учун қулай шароит ва кафолатлар яратишга хизмат қилади. Касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштиради.