Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат миграцияси масаласида ҳамкорлик давом этади
19:44 / 2019-11-12

Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 5 апрелда “Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда жўнатиш ва жалб қилиш тўғрисида”ги келишув тузилган.


Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 5 апрелда “Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда жўнатиш ва жалб қилиш тўғрисида”ги келишув тузилган.

Мазкур келишувни амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳ томонидан нималарга эришилди, келгусида қандай режалар бор?

Бухоро вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия қўмитасининг йиғилишида шу ҳақда сўз юритилди.

Таъкидланганидек, бугунга келиб, ушбу келишув доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда хусусий бандлик агентликлари (ХБА) томонидан Россиянинг 40 дан ортиқ иш берувчилари ва кадрлар бўйича агентликлари билан шартномалар имзоланди.

photo5357456744227384167.jpg

Ушбу Ҳукуматлараро келишув имзоланган даврдан буён ташкилий тартибда хорижга жами 8,6 минг юборилган. Шулардан 3,1 минг киши Россияга жўнатилган.

Жорий йилнинг ўн ойи давомида эса ташкилий тартибда Агентлик ва ХБА орқали жами 3,6 минг кишидан 1,2 минг киши ушбу мамлакатга йўналтирилди.

Ишчи гуруҳнинг ўз фаолияти давомида эришган катта натижаларидан бири – бу Ўзбекистон фуқароларига Россияда ишга жойлашиш учун рухсат берадиган ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари билан боғлиқ.

Юртимизда шундай фаолият тури билан шуғулланадиган миграция марказлари ёки уларнинг филиаллари, фронт-офисларни очиш меҳнат миграциясининг ташкилий шакллари ривожланишидаги кўплаб тўсиқларни бартараф қилишга имкон яратади.

Йиғилишда Ўзбекистонда меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида урғу берилди. Хусусан, ишчи касблар бўйича малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида замонавий “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти йўлга қўйилди. У ерда 22 та касб мутахассисликлари ва бошқа йўналишлар бўйича бир вақтнинг ўзида мингга яқин киши ўқитилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2,4 минг нафар хорижда қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси юртимизга қайтарилди. 21 мингга яқин кишига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Ўзбекистон меҳнат мигрантлари фойдасига иш берувчилардан 100 минг доллардан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилди. Хориждаги меҳнат фаолияти даврида ҳалок бўлган 227 нафар фуқаронинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди.

photo5357452608173878332.jpg

Меҳнат мигрантлари учун Россия ва Қозоғистон йўловчи транспортларига имтиёзли чипталар бериш дастури давом этмоқда. Ҳозиргача 200 мингга яқин ана шундай чипталар тақдим этилди.

Қайд этилишича, ҳамкорлик келишувига асосан эндиликда ушбу тармоқни янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган. Жумладан, 2020 йилда Россия Федерациясининг Красноярск ўлкаси, Татаристон Республикаси, Астрахан, Ростов, Санкт-Петербурт, Новосибирск вилоятлари билан бандлик ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик келишувларини имзолаш ва биргаликда қатор тадбирларни ўтказиш кутилмоқда.

Муҳим ҳамкорлик йўналишларидан яна бири рақамли платформалар орқали ахборот алмашиш ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий меҳнат тизими билан “Работа в России” Умумроссия вакансиялар базаси ахборот-таҳлилий тизими маълумотлар базасининг интеграциялашуви аҳамиятлидир. Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари томонидан Россиядаги иш берувчиларни излашда “Работа в России” порталидан фаол фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги қарори билан кенг кўламда жорий этилаётган ягона миллий меҳнат тизими орқали келаси йилда 19 миллион меҳнатга лаёқатли аҳоли ва республикадаги барча ташкилотлар маълумотларини ушбу тизимга киритиш, 2020 йил 1 январдан эса электрон меҳнат шартномаси ва меҳнат дафтарчасига ўтиш белгиланган. Шунга мувофиқ, 2020 йилда Ягона миллий меҳнат тизими ва “Работа в России” порталини интеграциялаш, шу орқали вакансиялар ва иш қидирувчилар базаси бўйича электрон маълумот алмашиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик 
ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 
Матбуот хизмати