Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳмондўст диёр бўйлаб...
16:35 / 2019-08-29

Яқинда дўстим билан Қозоғистонга бориш насиб этди.


Яқинда дўстим билан Қозоғистонга бориш насиб этди. У ерга бориб ишласак керак, деб ўйлаган эдик, мириқиб дам олиб қайтдик. Мамлакат жанубида жойлашган серқуёш Олмаота шаҳри бизни илиқ қарши олди.

Мени энг аввало, Қозоғистоннинг меҳмондўст ва самимий халқи ҳайратга солди: улар бизга йўл кўрсатди, харитада керакли манзилни аниқлашимизга бажонидил ёрдам беришди.

Шаҳар бой тарихга эга. Бу унинг меъморчилигида ҳам ўз аксини топган. Ўймакор дераза эшикли ва нақшинкор часпакларга эга қадимий обидалар замонавий осмонўпар бинолар билан уйғунлашиб кетган. Биз бу гўзалликдан илҳомланиб, ҳар бир лаҳзани фотосуратларга муҳрладик.

Машҳур Trip Advisor хизмати бизга диққатга сазовор жойларни аниқлашга ёрдам берди. Нафақат шаҳар ичкариси, балки унинг атрофида ҳам ажойиб масканлар борлиги маълум бўлди. Олмаота шаҳри пастликда жойлашган бўлиб, унинг атрофи тоғлар билан ўралган. Шу боис, шаҳарга қай томондан қараманг, жуда мафтункор кўринишга эга.

Ҳа айтгандай, тоғлар ҳам бир қадам. Шаҳардан автомашинада ярим соатлик йўл босилса, Кўк-Тўба тоғи келади. Бу ерда барпо этилган томоша майдончаларидан Қозоғистон жанубий пойтахтининг гўзал манзараси кўзга ташланади. Шунингдек, бу ердан тўғри шаҳар марказига борадиган арқон йўл орқали сайр қилиб, қушлар парвозини ҳам кузатса бўлади.

Қарийб 1700 метр баландликда спорт мажмуаси ва Медео чанғи курорти жойлашган. Очиғини айтганда, мен конькида учишни билмайман, бироқ у ерда дўстимни мароқ билан суратга олдим. Айниқса, у ерда сайр қилиш ва соф тоғ ҳавосидан нафас олиш менга жуда хуш ёқди. Гўё қаергадир шошаётгандек, тепадан шиддат билан оқаётган тоғ дарёси ҳам эътиборимизни тортди...

Биз янада юқорига – хушманзара Чимбулоқ чанғи курортига кўтарилдик. Очиғини айтганда, арқон йўл орқали юқорига кўтарилар эканмиз, шамол бир неча бор шиддат билан эсганини пайқадик. Албатта мен бундан, айниқса пастга қараганимдаги манзарадан бироз қўрққанимни сездирмасликка ҳаракат қилдим. Бироқ босиб ўтилган йўл ҳайратланишга арзирди. Кўз ўнгимизда ҳақиқатан ҳам гўзал манзара намоён бўлди. Чимбулоқнинг энг юқори чўққиси булутлардан ҳам баланд эди. Биз ўзимизни гўё аллақандай ҳаво кемасида парвоз этаётгандек ҳис этдик.

Шундан сўнг Катта Олмаота кўлига боришга муваффақ бўлдик. У ҳам баланд тоғларда жойлашган бўлиб, атрофи учта тоғ чўққиси билан ўралган. Биз бу ерда қизиқ манзаранинг гувоҳи бўлдик: ҳаво ўзгарувчан эди. Бундан қуёшнинг заррин нурлари момиқ ва айни пайтда оғир булут қатлари орасидан ўтиб, қўлдаги сувни қандайдир сеҳрли товлантирарди. Бу манзара менга ниҳоятда ёққанидан бу ўлкаларда яна шундай гўзал сув ҳавзалари бор-йўқлиги билан қизиқдим. Маълум бўлишича, бу каби хушманзара масканлар кўп экан!

Эртаси куни Кўлсой кўллари бўйлаб сайр қилиш учун миллий боғга йўл олдик. Игнабаргли дарахтларга тўла ўрмонлар билан ўралган учта кўркам кўлни кўрганимизда, “Бу ернинг гўзал табиатини тасвирлашга тил ожиз”, - деди дўстим ҳайратланиб. У ернинг ранг-баранглиги, хушбўй ифори, бу масканларда таралаётган овозлар кишини ҳайратга солиши шубҳасиз. Бежиз бу ерни “Шимолий Тянь-Шянь дурдонаси” деб аташмас экан. Менимча бу ерларнинг табиати асл ҳолича, тинч ва осойишта сақланган бўлса керак...

Шундан сўнг Чарик миллий боғига саёҳат уюштирилди. Қарийб 12 миллион йиллик чўкинди тоғ жинсларидан пайдо бўлган тоғ ёдгорлиги –Чарин каньонини ўз кўзим билан кўришни жуда истардим. Каньон бағрида музлик даврининг гувоҳи бўлган қадимги шумтолзорлар, сал нарироқда Осиё теракзорлари сақланиб қолган экан.

Боғдаги ажиб ҳайвонот ва наботот оламининг хилма-хиллиги мени ҳайратга солди. Бу ерда фуқаролар табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари кўриниб турарди.

Чарин каньони ён дафтарчамда худди оддий қалам билан чизилган эскизлар кўринишида чизилди. Айниқса, Қасрлар водийси хотирамга муҳрланиб қолди. Нима бўлганда ҳам, расмларни тугатишга ҳаракат қиламан. Бунинг устига расм учун зарур кадрларни ҳам муҳрлаб қўйганман.

Тан олиб айтиш керакки, Олмаота шаҳри бутунлай мени ўзига ром этди. Мен бу шаҳарни, у ернинг ажойиб ўлкаларини севиб қолдим ва албатта бу ерга яна қайтаман. “Қандай қилиб, битта шаҳар атрофида шунча хушманзара масканлар бўлиши мумкинлиги ҳеч хаёлимга сиғмайди. Ахир бу ерни табиатнинг ўзи сайёҳларни ўзига жалб қилиб дам олиш марказига айлантирган”, дедим бизга ҳамроҳлик қилиб бораётган гидга. Бироқ у “Қозоғистонда бу каби масканлар жуда кўп” деб бепарвогина жавоб қайтариб мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ташриф буюришни маслаҳат берди.

Саёҳатимиз сўнггида Қозоғистонда табиатга бўлган меҳр ва ғамхўрлик кучли эканига, инсонлар келгуси авлодлар ҳам ям-яшил ўтлоқлар билан қопланган ва ҳар хил ҳайвонларга бой табиатдан баҳраманд бўлишлари, тоза ҳаводан нафас олишлари учун уни доимо асраб-авайлашини тушуниб етдим.

А.Иброҳимов