Қозоғистоннинг Акмолa вилояти Бурабай шаҳрида Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раислигида МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати маълум қилди.
Мажлисда Маслаҳат кенгаши аъзолари – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Ўзбекистон ва Тожикистон марказий сайлов органлари раҳбарлари, шунингдек, маслаҳат овози ҳуқуқи билан МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲ ПА Котибияти вакиллари иштирок этдилар.

Маслаҳат кенгаши аъзолари 2026 йилда Арманистон Республикасида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари муносабати билан сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, Қозоғистон Республикасида маҳаллий сайловлар ва сиёсий тизимни янада такомиллаштириш, Қирғиз Республикасида 2025 йилда ўтказилган сайлов жараёнлари, Россия Федерациясида 2025 йил 14 сентябрда ўтказилган умумий овоз бериш кунининг якунлари, Тожикистон Республикасида маҳаллий халқ депутатлари мажлислари таркибидан чиқиб кетган депутатлар ўрнига ўтказилган сайловлар ҳақидаги маърузаларни тингладилар.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси мамлакатда 2024 йилда парламент ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловлардан кейинги даврда МСК фаолиятининг айрим жиҳатлари бўйича маълумот берди.
Таъкидланганидек, сайловдан кейинги даврда халқаро кузатувчилар тақдим этган ҳисоботлар, тавсиялар ва таклифларни чуқур таҳлил қилиш сайлов органларининг устувор вазифасидир. Ушбу таҳлил сайлов жараёнининг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш, шунингдек, оптималлаштириш ва такомиллаштириш мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга қаратилган.

Ҳар бир ўтган сайловларни кузатган халқаро миссияларнинг якуний ҳужжати бўйича амалдаги қонунчиликни тушунтирган ҳолда шарҳлар тайёрланади. Шу билан бирга, халқаро амалиёт, жумладан, халқаро сайлов стандартлари, ҳуқуқий база ва хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинади. Натижада уларни амалга ошириш бўйича кўрилиши мумкин ёки қабул қилинган чора-тадбирлар, сайловларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш йўналишлари акс этган "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.
Мазкур анжуман доирасида “Сайлов жараёни иштирокчиларининг электорал маданиятини шакллантириш” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон МСК аъзоси Г. Раҳимова маъруза қилиб, 2024 йилда Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш жараёнида Ахборот стратегиясини амалга оширишнинг асосий жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Маслаҳат кенгаши тадбирлари доирасида онлайн форматда МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгаши ҳузуридаги сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи мажлиси ҳам бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари томонидан тайёрланган ҳуқуқий маърифат, сайловда иштирок этиш маданиятини шакллантириш соҳасидаги тажрибаларни акс эттирувчи услубий материаллар кўргазмаси ташкил этилди. Жумладан, Ўзбекистон сайлов тизими ривожланиш тарихига бағишланган «Сайловлар: кеча ва бугун» номли видеофильм сайлов органлари вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
М.Комилова, ЎзА