Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 35-йиғилишида иштирок этиш учун Тожикистон Республикасига ташриф буюрди.
Йиғилишда МДҲга аъзо давлатлар прокуратура органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали ташкил этишга доир долзарб масалалар муҳокама қилиниши, шунингдек, прокурор назорати соҳасида тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Бош прокурори Н.Йўлдошев ҳамда Тожикистон Бош прокурори Х.Воҳидзода ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида томонлар икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Мазкур мулоқот ва унинг доирасида эришилган келишувлар ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга муҳим ҳисса қўшади.
Н.Йўлдошев МДҲга аъзо давлатлар прокуратура органлари, жумладан, Тожикистон Бош прокуратураси билан рақамлаштириш, коррупцияга қарши таҳлил ҳамда илғор тажриба алмашиш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА