Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МДҲга аъзо давлатлар молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгаши йиғилиши
11:56 / 2022-06-04

Aввал хабар қилинганидек, пойтахтимизда Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 36-ялпи мажлиси ҳафталиги доирасида жорий йил 3 июнь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг 19-мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Кенгаш аъзолари, экспертлар, Туркманистон, Ҳиндистондан келган кузатувчилар, турли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Кенгашга аъзо давлатларда айни йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди. Кун тартибидаги ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичини назарда тутувчи масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, халқаро рақамли илмий-таълим платформа яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга ҳамда оммавий қирғин қуролларининг тарқатилишига қарши курашиш соҳасидаги битимни ратификация қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Анжуманда МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ахборот алмашиш тизимини яратиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ фаолияти сарҳисоб қилиниб, бу борадаги келгуси вазифалар белгилаб олинди.

Мажлис якунида тегишли қарорлар қабул қилинди ва навбатдаги мажлисни ўтказиш жойи, санаси келишиб олинди.
 

Гўзал Сатторова,
ЎзА