Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МДҲга аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарлари учрашди
17:17 / 2025-09-26

Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари кенгашининг 81-йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов бошчилигидаги делегация иштирок этди. 

Йиғилишда Кенгаш фаолиятига доир ҳисобот ва 2026 йил учун Чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Кун тартибида 16 та амалий ва ташкилий масала кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, кўриб чиқилган асосий масалалардан иккитаси бевосита Ўзбекистон ташаббуси билан киритилганини инобатга олсак, Божхона қўмитасининг Кенгашдаги иштироки ва роли тобора ошиб бормоқда.

Мазкур масалалар халқаро юк ташиш учун вақтинчалик олиб кирилган контейнерларга нисбатан божхона назоратини ташкил этиш ҳамда МДҲ давлатлари божхона ҳудудлари орқали транзит тарзида ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақидаги ўзаро маълумотлар алмашинувини йўлга қўйишни назарда тутади. 

Бундан ташқари 81-учрашувда гибрид автомобиллар, мебель учун газли таянчлар, қуёш панелларини йўналтириш ва ҳаракатлантириш учун автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, кўп тарифли ҳисоблагичларни таснифлаш ҳамда уларнинг божхона назорати юзасидан ўзаро фикр ва тажрибалар алмашилди.

Душанбе учрашувининг амалий натижаларидан бири шуки, томонлар МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг божхона мақсадлари учун Экспертиза ва тадқиқотлар маркази тўғрисидаги Битимни имзолашди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси божхона хизмати раҳбарлари Ваколатли иқтисодий операторлар бўйича ўзаро ахборот алмашишнинг Техник шартларини имзолашди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Тўсиқсиз транзит” синов лойиҳасини амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси” ҳам имзоланди.

Ш.Маматуропова, ЎзА