Россияда бир суткада тўққиз мингга яқин бемор аниқланган, 11 мингга яқин бемор тузалиб чиқди. Тезкор штабнинг 18 март учун берган маълумотида ушбу рақамлар келтирилган. Умуман МДҲга аъзо мамлакатларда коронавирус билан боғлиқ вазият қандайлиги ҳақида «МИР 24» шундай хабарни беради.
Қозоғистон
Нур-Султонда карантин кучайтирилмоқда. Пойтахтнинг санитария бўйича бош врачи шу ҳақдаги фармойишни имзолади. Эртадан бошлаб барча компаниялар ўзининг 80 фоиз ходимини масофадан туриб ишлашга ўтказиши керак. Қозоғистонда коронавирус билан касалланганлар сони кўпайишда давом этмоқда. Охирги кунда инфекция юқтирган 1 минг 82 та бемор аниқланган. Инфекция юқтирганлар сони бўйича Олмаота, Нур-Султон ва Қарағанда вилояти олдинда бормоқда.
Арманистон
Арманистон ҳукумати ниқоб тақиш режимини кучайтиришни режалаштирмоқда. Полициячилар доимий равишда дўконлар, ресторанлар ва кафеларга рейд уюштиради. Хавфсизлик тартибини бузганлар 250 доллардан 900 долларгача жаримага тортилади. Лекин мактабларда ҳозирча ушбу тартиб жорий қилинмаяпти. Машғулотлар барча эпидемиологик қоидаларга амал қилинган ҳолда анъанавий тарзда олиб борилади. Кеча республикада коронавирусга чалинган 854 бемор аниқланди. Март ойи бошида ушбу кўрсаткич икки баробар паст эди.
Молдова
Молдова коронавирус касаллигидан вафот этганлар сони бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Охирги ҳафтада ўлим ҳолатлари 30 фоизга ортган. Айниқса, пойтахт Кишинёв шаҳрида аҳвол ёмон. Бу шаҳар пандемия бошлангандан буён “қизил” ҳудуддан чиқмади. Вакцинация ҳозирча фақат тиббий ходимлар орасида амалга оширилмоқда. Вирус тарқалишини тўхтатиш учун эса мамлакат аҳолисининг 70 фоизи эмланиши керак.
Озарбайжон
Бокудаги иккита мактаб коронавирусга чалиниш кўпайгани боис карантин режимига ўтди. Инфекцию мактаб ўқитувчиларида аниқланган. Энди ушбу ўқув муассасаси икки ҳафта давомида масофадан туриб ишлайди. Ўқитувчиларни эмлаш давом этмоқда. Озарбайжонда фақат ёши 50 дан ошган педагоглар эмланмоқда.
Беларусь
Беларусда “британча” штамм туфайли қўшимча эпидемиологик чоралар кўрилмайди. Бундан аввалроқ, “британча” штамм Украина, Польша ва Мисрдан келган фуқароларда қайд қилинган эди. Беларусь шифокорларининг таъкидлашича, касалликдан ёки эмлашдан кейин пайдо бўлган антитанача “британча” штаммга қарши ҳам самара беради.