Маълумки, шу йилнинг 24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.
Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари, умуман, сайловнинг адолатли, шаффоф, мавжуд қонунчилик ва халқаро меъёрлар асосида ўтишини кузатиб бориш учун мамлакатимизга ташриф буюрган халқаро кузатувчилардан бир гуруҳи шу кунларда Андижон вилоятида бўлиб турибди.
Улардан бири МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк 2-Андижон округ сайлов комиссиясида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича 2-Андижон округ сайлов комиссияси раиси Комилжон Комилов сайловга тайёргарлик жараёнлари, сайлов участкаларининг ҳозирлиги бўйича маълумот берди. Шунингдек, ҳалқаро кузатувчининг саволларига жавоб қайтарди.
[gallery-4184]
– Шу йилнинг 29 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни бўйича кузатув-мониторингимизни бошлаганмиз, – дейди Евгений Козяк. – Асосий гуруҳимиз Ўзбекистонга сайлов бошланишидан бир неча кун аввал етиб келади. Кузатувчиларимизни ҳар бир ҳудуддаги сайлов участкаларида иштирокини таъминлаш режамизда бор.
Бугунги кунга қадар сайловга тайёргарлик масалалари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари юзасидан ваколатли давлат органларига шикоят, ариза ёки мурожаат келиб тушмаганлиги бизда ижобий фикр уйғотди.
МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи шу куни сайлов участкалари, сайловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА