Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш, меъёрий ёндашувларни мувофиқлаштириш ҳамда илмий-техник ҳамкорликни чуқурлаштириш халқаро кун тартибида устувор аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ўртасида ушбу йўналишда олиб борилаётган тизимли ҳамкорлик минтақада барқарор энергетик тараққиётни таъминлашга хизмат қилаётир.
Куни кеча Тошкент шаҳри МДҲ иштирокчи давлатларининг атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича комиссиясининг 26-йиғилишига мезбонлик қилди.
Соҳавий идоралар раҳбарлари, тартибга солувчи органлар ва етакчи мутахассислар иштирок этган ушбу тадбир атом энергетикаси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик масалалари юзасидан тажриба алмашиш ҳамда келгуси режаларни белгилаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.

Унда мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур йиғилишнинг мамлакатимизда ўтказилиши Президентимиз илгари сураётган энергетика сиёсати ва минтақавий ташаббусларга уйғунлиги билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан МДҲ доирасида энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, атом энергетикасини замонавий стандартлар асосида ривожлантириш, қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари доимий равишда устувор вазифа сифатида белгиланмоқда.

Тадбирда комиссия иши доирасида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни тартибга солувчи ваколатли органлар раҳбарларининг йиғилиши ўтказилгани айтиб ўтилди. Унда ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш, миллий меъёрий-ҳуқуқий базаларни уйғунлаштириш, назорат ва мониторинг тизимларини такомиллаштиришга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, комиссия экспертларининг ишчи учрашуви ташкил этилди. Мутахассислар қўшма ташаббусларни амалга оширишдаги техник жиҳатлар, фавқулодда ҳолатларда ўзаро мувофиқлаштириш, ахборот алмашиш ва қўллаб-қувватлаш механизмларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Йиғилишда кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар ҳам кўриб чиқилди. Делегациялар атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва малакали кадрлар тайёрлаш масалалари бўйича фикр алмашди.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматига кўра, тадбир якунида амалга оширилган ишлар юзасидан хулосалар чиқарилиб, яқин истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Қабул қилинган қарорлар МДҲ мамлакатлари ўртасида ядровий хавфсизликни таъминлаш ва атом энергетикаси соҳасида ўзаро ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА