Пойтахтимизда МДҲ давлатларида истиқомат қилаётган ватандошлар минтақавий форуми бўлиб ўтди.
“Ватандошлар” жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуман хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан тизимли мулоқотни янада кучайтириш, уларнинг фикрларини эшитиш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Тадбир аввалги минтақавий форумларнинг изчил давомидир. Шу йил апрель ойида Германияда ўтказилган форум Европанинг 20 давлатида истиқомат қилаётган 286 нафар ватандошимизни бир жойда тўплаган эди. АҚШ ва Канадада яшаётган ҳамюртларимиз минтақавий форумида 100 киши қатнашган. Демак, ушбу ташаббус кенг қамровга эга.
[gallery-26563]
Қайд этилганидек, турли давлатларда яшаётган ватандошлар билан мунтазам фикр алмашиш, уларнинг долзарб эҳтиёж ва таклифларини ўрганиш орқали ўзаро ҳамкорлик механизмини кучайтириш жуда муҳим. Қолаверса, илғор хорижий тажрибага эга ҳамюртларимизни мамлакатимиз тараққиёти жараёнига жалб этиш, ижтимоий, маданий ва иқтисодий соҳалардаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ҳам ташкилотчиларнинг асосий мақсадларидан бири.
Бу галги форумда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда яшаётган 80 нафар ватандошимиз қатнашди. Жумладан, хорижда ўзбек тилидан дарс берувчи ўқитувчилар билан тилимиз жозибасини сақлаб қолиш масаласи муҳокама қилинди, уларнинг амалий таклифлари тингланди.
– Чимкент шаҳридаги Алишер Навоий номлии 11-умумий ўрта таълим мактабида ўзбек тили фанидан дарс бераман, – дейди Ақида Ўрмонова. – Йигирма беш йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, аввалари хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқа яхши эмас эди. Қозоғистонда ҳар бир инсон ўз она тилида таълим олиши учун барча шароит яратилган. Жумладан, ўзбек фарзандлари ҳам миллий мактабларимизда ўз тилида сабоқ оляпти. Дарс жараёнида ўзбек тили ва адабиёти чуқур ўқитилади, миллий анъана ва урф-одатларимиз, қадриятларимиз ҳақида кенг тушунча бериб борилади. “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан биз учун кутилган лойиҳа амалга ошириляпти. Жорий йил май ойида хориждаги ўзбек ўқувчилари учун халқаро олимпиада ташкил этилди. Мусобақада Қозоғистондан 11 нафар ўқувчи билан қатнашдик. Бундай тадбирлар ўзаро алоқаларни, дўстлик биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Хориждаги ўзбек миллий-маданий марказлари раҳбарлари ҳам иштирок этган учрашувда миллий меросимизни дунё бўйлаб янада кенг тарғиб қилиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Минтақавий форумлар 2026 йил Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Ватандошлар жаҳон қурултойига тайёргарликнинг муҳим босқичидир. Доимий мулоқот орқали бўлажак анжуман ноиблари олдиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашиб, келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш имконига эга бўладилар. Шунингдек, ватандошларни янада жипслаштириш, бир мақсад атрофида бирлаштириш ҳам асосий мақсадлардан бири.
“Ватандошлар” жамоат фондининг бундай ташаббуслари хориждаги ҳамюртларимизни юрт билан боғлаб турувчи мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилмоқда. Шу тариқа янги ғоялар, Ватан равнақи йўлида илғор ташаббуслар пайдо бўлишига замин яратиляпти.
– Йигирма икки йилдан буён Россиянинг Новосибирск шаҳрида яшаб тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман, – дейди Гулруҳ Хайруллаева. – Сўнгги пайт ватандошларни бирлаштириш, улар билан доимий алоқаларни йўлга қўйиш анъанага айланди. Бундан беҳад мамнунмиз. Авваллари мудом Ватан соғинчи билан яшардик. Энди эса, қаерда бўлмайлик, давлатимиз ҳимояси, эътиборида эканлигимизни ҳис қилиб турамиз. Бугунгидек, тадбирлар, учрашув ва форумлар бизни янада бирлаштиради. Бундай эътибор ва ғамхўрлик бизни, айниқса фарзандларимизни асл Ватанга меҳрини оширяпти. Фарзандларим яқинда университетни тугатади. Улар магистратура босқичини ўз юртимизда ўқиб, шу ерда ишлаш, халқимизга хизмат қилишни дилларига тугиб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 декабрь куни Араб давлатларида яшаётган ватандошларимиз иштирокида навбатдаги минтақавий форум ўтказилиши режалаштирилган. Бу ташкилотчилар географик қамровни ҳам кенгайтириб бораётганидан дарак беради.
Гўзал Сатторова,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА