Маълумки, айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мазкур жараёнларни кузатиш мақсадида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳам юртимизга ташриф буюришмоқда.
Хусусан, Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев бошчилигидаги МДҲ кузатувчилари миссияси мамлакатимизга ташриф буюрди. Бугун, 12 апрель куни Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг референдумни кузатиш бўйича МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари Сергей Лебедев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда МСК Раиси Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси асосида такомиллаштирилгани, 30 апрель куни ўтказиладиган референдумга тайёргарлик кўриш жараёнлари хусусида батафсил маълумот берди. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қонунчилик талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётганини қайд этди.
[gallery-11404]
Ўз навбатида, МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари Сергей Лебедев Марказий сайлов комиссиясининг таклифидан мамнунлигини эътироф этган ҳолда мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар ҳамда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўз муносабатини билдирди. Шунингдек, референдум жараёнларини кузатиш бўйича МДҲ кузатувчилари миссияси аъзолари таркиби, кузатувчиларнинг мамлакатимизда фаолият олиб бориш тартиби бўйича маълумотлар бериб ўтди.
Таъкидланишича, миссия таркиби МДҲга аъзо давлатларнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва сайлов органлари, шунингдек, МДҲ ҳудудида фаолият юритувчи Ҳамдўстлик органлари ва интеграция бирлашмалари вакилларидан иборат. МДҲ кузатувчилари миссияси томонидан референдум миллий қонунчилигимиз ва давлатимизнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқлиги бўйича баёнот тайёрланади.
МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистонга ташрифи мобайнида республикамизнинг бир қатор референдум участкаларида бўлиб, референдум юзасидан ўзининг тегишли хулосалари ва тавсияларини беришни режалаштирган.
Учрашув доирасида мартабали меҳмон Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишга туширилган "Call-markaz" фаолияти билан таништирилди. "Call-markaz" Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор ва самарали кўриб чиқиш, фуқароларга реал вақт режимида ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш мақсадида ташкил этилганлиги ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, миссия раҳбари Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги матбуот маркази фаолияти, бу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА