Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МДҲ, Болтиқбўйи давлатлари ва Грузия театр ижодкорларининг IV “Ёшлар театр санъати” форуми
16:07 / 2021-11-30

Пойтахтимиз театрларида жорий йилнинг 30 ноябридан 7 декабрга қадар Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Болтиқбўйи ва Грузия давлатлари IV “Ёшлар театр санъати” форуми ўтказилади.

Ушбу форум илк бор 2012 йилда Кишинёв шаҳрида (Молдова), 2015 йил Минск (Беларусь)да, учинчи бор 2018 йил Ереван шаҳрида (Арманистон) ўтказилган бўлса, бу галги форумга Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда.

Форумнинг ташкил этилишидан асосий мақсад халқаро ҳамдўстлик алоқаларини ривожлантириш, ёш режиссёрлар, актёрлар, рассомлар ижодини намойиш этиш, ёш театршунослар фаолиятини кузатиш ва тажрибали соҳа мутахассислари билан фикр алмашишдан иборат.

Форумда Арманистон, Эстония, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Украина, Россия, Молдова, Беларусь, Тожикистон, Озарбайжон каби давлатлардан келган ижодкорлар Экспертлар кенгаши томонидан танлаб олинган спектакли билан иштирок этади.

Хусусан, Габит Мусрепов номидаги Қозоғистон давлат академик болалар ва ўсмирлар театри “Кулагер”, Озарбайжон давлат академик миллий драма театри “Манқурт”, Ион Лука Караджале номидаги “Сатирикус” миллий театри “Каламуш ови”, Илия давлат университети театри “Марат/Боғ”, Туфа Фозилова номидаги Тожикистон мусиқали драма театри “Судхўрнинг ўлими”, “Олтин дарвоза” спектакли,  Киев академик театри “Дада, сиз мени яхши кўрармидингиз?” каби  спектакллар форум дастуридан ўрин олган.

Шу билан бирга Бакен Кидикеева номидаги Қирғизистон давлат ёшлар ва ёш томошабинлар театри “Самолёт мактубчалар”, К.С.Станиславский номидаги Ереван давлат рус драма театри “Гардения”, Беларусь Республика драматургия театри “Мен уялмайман!..”, А.С.Пушкин номидаги Псков академик драма театри “Болакай Тутанхамон қабри” ҳамда Ўзбекистон номидан Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг “Момо ер” спектакли ҳам намойиш этилади.

Ҳар бир саҳна асарини турли давлатлардан йиғилган Ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.  

Шунингдек, форум доирасида “Таълим дастури” амалга оширилади. Унда ёш театр ижодкорларига ўз касбий тажрибалари билан ўртоқлашиш имкони берилади. Шу билан бирга Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти театр йўналиши талабаларига маҳорат сабоқлари, тренинг ва семинарлар ўтказилади.

Форум иштирокчилари “Таълим дастури” лабораториясида маҳоратли режиссёр, актёр ҳамда театр танқидчилдаридан маҳорат дарсларини олиб, 30 ноябрь – 7 декабрь кунлари мобайнида ягона спектакль устида ижод қилади ва форум якунида мазкур спектаклнинг очиқ намойиши бўлиб ўтади.

 

Н.Усмонова, ЎзА