Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мажнунингман, Лайлимсан, Ватан!..
16:11 / 2020-01-02

Кузатганим – остонам, Ватан!
Кутиб олар – кошонам, Ватан!

Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Аввал отам, онамсан, Ватан!
Акам, синглим, боламсан, Ватан!
Дўсту ёру бегона ҳам сен,
Ёнимдаги одамсан, Ватан!

Шусиз дилдан йироқсан-ку сен!
Бир ҳовуч тош-тупроқсан-ку сен! 

Ҳаёт борки, азизсан - борсан,
Куйлаганда битмас алёрсан.
Юрагимга Ҳақ ишқин солиб,
Машрабингни англатган дорсан! 

Мажнунингман, Лайлимсан, Ватан!
Мажнунингман, Лайлимсан, Ватан!


Кетар бўлсам бағрингни тиғлаб,
Дуо қилган бобом сен ўзинг.
Қайтганимда, қувончдан йиғлаб,
Қучиб олган момом сен ўзинг!

Кузатганим – остонам, Ватан!
Кутиб олар – кошонам, Ватан! 

Ўтмишингни ўйлайман ёниб,
Баъзан куйиб, баъзида қониб.
Қани энди бағрингда ҳар тонг
Улуғларинг турса уйғониб!.. 

Бўғзимдаги ноламсан, Ватан!
Ичга ютган жоламсан, Ватан!


Сенсиз кимман, нима қиларман?
Саёқ кезган итдек бўларман.
Ихтиёрсиз қул каби тўзиб,
Ўз жонимга ўлим тиларман...

Дунё ичра маъвосан, Ватан,
Дардим борки, давосан, Ватан! 

Баландпарвоз сўзлар етар, бас, 
Этагингда бир болангдирман.
Элим билан бўлгум жўровоз –
Қўшиғингда ҳур нолангдирман! 

Руҳимдаги куйимсан, Ватан!
Бир умрлик ўйимсан, Ватан!


Ватан десам, тилим яйрайди,
Тилимдан ҳам дилим яйрайди.
Ватан десам, кўнглимда шу чоғ
“Чуғур-чуғур” қушим сайрайди.

Тин билмаган қумрим, эй Ватан!
Умринг ичра умрим, эй Ватан!..

Улуғбек ҲАМДАМ