Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш кимлар учун мажбурий?
11:27 / 2025-12-23

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор ижтимоий вазифаларидан биридир. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида мажбурий тиббий кўрик тизими жорий этилган. Ушбу тизим касбий касалликларнинг эрта аниқланиши, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Шунингдек, мажбурий тиббий кўрик фуқароларнинг меҳнатга яроқлилигини аниқлаш, уларнинг соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 360-моддасида тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий деб ҳисобланган тоифалар белгилаб қўйилган. Мажбурий тиббий кўриклар ташкилотларга тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш профилактика муассасалари, улар бўлмаган тақдирда  эса ташкилотда жойлашган манзилдаги даволаш  профилактика муассасалари томонидан ўтказилади.

Хўш, кимлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт?  

Меҳнат кодексига кўра,  вояга етмаган шахслар меҳнат фаолиятини бошлашдан аввал ва мунтазам равишда, спортчилар, ҳарбий хизматчилар, махсус хизмат ходимлари жисмоний ва руҳий тайёргарликни аниқлаш учун давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтади. Озиқ-овқат, таълим, тиббиёт ва болалар муассаса ходимлари  санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш учун ҳамда ногиронлиги бўлган шахслардан ҳам бу тартиб талаб қилинади.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш даврийлиги ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус низомлар билан тартибга солинади. Кўрикдан ўтмаган шахслар тегишли фаолият билан шуғулланишига рухсат этилмайди.

Мажбурий тиббий кўрик тизими мамлакатимизда соғлиқни сақлаш сиёсатининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ушбу тизимнинг асосий мақсади касбий касалликларни эрта аниқланишини, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашдан иборат.

Айрим корхоналарда тиббий кўрик фақат ҳужжат учун ўтказилади ва юзаки тарзда амалга оширилади. Бу ҳолат мажбурий тиббий кўрикни асл мақсадини йўқотади.

Мухтасар айтганда, мажбурий тиббий кўрик фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, касбий хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилувчи муҳим механизмдир.

Ҳилола Зокирова

Тошкент давлат юридик университети талабаси.

ЎзА