Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 8 нафар мансабдор жазоланди
13:29 / 2025-10-14

Пахта терими мавсумида меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этилиши устидан мунтазам назорат ўрнатилмоқда. Шу доирада айрим мансабдор шахсларнинг мажбурий меҳнатга йўл қўйгани аниқланди ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Бу ҳақида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат — Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ҳоким ўринбосари Н. Жумаева томонидан оила ва хотин-қизлар фаолларига пахта теримига теримчиларни жалб қилиш топшириғи берилгани тасдиқланди.

Натижада унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми асосида жарима чораси қўлланилди.

Шунингдек, Бухоро шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Н. Аминова ҳам худди шундай қонунбузарликка йўл қўйиб, жаримага тортилади.

Мониторинг натижаларига кўра, пахта йиғим-терими мавсумида Давлат меҳнат инспекцияси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида мунтазам мониторинг олиб бормоқда.

Мавсум давомида ҳозирга қадар умумий ҳисобда 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланди. Қонунни бузган мансабдор шахсларга МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилди. 8 нафар мансабдор шахс эса МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортилди. 1400 нафардан ортиқ теримчилар билан мавсумий меҳнат шартномалари тузилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қатъиян тақиқланган. Бу борадаги қонунбузарликларга йўл қўйган шахслар қонун доирасида жавобгарликка тортилади.

Ш. Маматуропова,

ЎзА