Аввалги хабарларимизда маълум қилганимиздек, жорий йилнинг 10 март куни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ўзбек пахтасини глобал бойкот қилиш чақириғи тугаганини эълон қилган эди. Бу ҳодиса ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот бериш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва болалар меҳнатига бархам бериш борасида қилинган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

АОКАда бўлиб ўтган анжуманда Бандлик ва мехнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Халқаро мехнат ташкилоти (XMT) бош техник маслаҳатчиси Й.Аструп, фуқаролик жамияти вакилллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов бу натижаларга эришишда қилинган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.

– Олиб борилаётган бу ишларнинг замирида инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ётади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосида инсон хуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мутлақо янги тизими яратилди. Хусусан, меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида аниқ мақсадларга эришилди.
Шунингдек, аҳолининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига бозор иқтисодиёти тамойилларини кенг татбиқ этиш, тармоқни механизациялаштириш соҳаларида ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда.
Анжуман давомида XMT бош техник маслахатчиси Й.Аструп Учинчи томон мониторинг лойиҳаси томонидан амалга оширилган мониторинг натижалари ҳақида қисқача ахборот берди ва 2021 йилда пахта теримига мажбурий жалб этиш ҳолатлари 1 фоизни ташкил этганлигини қайд этди.

Бундан ташқари мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан жабрланган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларга келажакда ҳам бошқа мансабдор шахслар томонидан тазйиқлар бўлмаслиги алоҳида назоратга олинди. Жумладан, 2019 йилда 3060 нафар, 2020 йилда 1 минг 463 нафар, 2021 йилда эса 314 нафар фуқаролар мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги аниқланиб, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланган.
Файзулло Яҳёев, ЎзА