Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси фаолиятига бир назар
19:01 / 2020-01-22

Мухбиримиз бошқарма бошлиғи Дилмурод Умаралиев билан шу мавзуда суҳбатлашди.


Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари аҳоли ва юридик субъектлар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари, маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириш, электр, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш, истеъмолчилар ўртасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган иш ўз самарасини бермоқда.

Мухбиримиз бошқарма бошлиғи Дилмурод Умаралиев билан шу мавзуда суҳбатлашди.

– Аввало, таъкидлаш жоиз, ташкилотимизнинг олдига қўйилган мақсад ва вазифа истеъмолчиларнинг тўлов интизоми бўйича ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишдир ва бу вазифа бевосита иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий механизмларни қамраб олган амалиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Зеро, глобал муаммога айланиб бораётган энергетика, экология, саломатлик масалалари ва ниҳоят халқ фаровонлиги – ҳамма-ҳаммаси маблағ билан, товар-пул-товар, хизмат-пул-хизмат каби иқтисодий тамойиллар билан мувозанатда туриши керак. Акс ҳолда бу жамиятни ҳар томонлама инқирозга олиб келади. Шу нуқтаи назардан фойдаланилган энергия ресурслари ва бошқа коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширилиши асло ортга суриб ёки қолдириб юбориш мумкин бўлмаган кундалик вазифадир.

Шундан келиб чиқиб бошқармамиз шаҳар ва туман бўлимлари фаолияти самарадорлигини ўтган йил якуни бўйича натижалар – рақамлар орқали баҳолаш мумкин. Энергия истеъмолчиларининг дебитор қарздорлигини кескин қисқартириш мақсадида тизимли олиб борилган ишлар самараси ўлароқ ўтган йилда ундирув 2018 йилга нисбатан 569 миллиард 814,3 миллион сўмга ортди.

Бошқача ифодалайдиган бўлсак, якунланган йил мобайнида 921 минг 706 нафар истеъмолчидан 1 триллион 442 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.

Фойдаланилган электр, табиий газ, ичимлик суви учун тўпланиб қолган қарз маблағларини ундирилишини таъминлаш борасида қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида иш ташкил қилиниб, жумладан сув таъминотидан бўлган 284 миллиард 668 миллион сўмлик қарздорликни бартараф этиш юзасидан 790 мингдан ортиқ талабнома юборилди. Худди шунингдек, юборилган талабномаларга асосан, электр энергияси бўйича 583 минг 267 нафар истеъмолчидан 139 миллиард 612 миллион сўм, табиий газ бўйича 149 минг 126 истеъмолчидан 123 миллиард. 807 миллион сўм, ичимлик суви бўйича эса 31 минг 720 нафар истеъмолчидан 6 миллиард 223 миллион сўм қарз ундирилди.

Шу билан бир қаторда турли ҳуқуқбузарликни аниқлаш ва уларга нисбатан тезкор чоралар кўриш йўналиши ҳам доимий эътиборимизда турибди, бошқарма тезкор ходимлари томонидан энергия ресурслари ва табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан, яъни ноқонуний уланган ҳолда фойдаланаётган истеъмолчиларни фош этиб, тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда.

Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, Наманган шаҳрининг Орзу маҳалласида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур ҳудудда жойлашган “Гулчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонасида электр ва табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олингани ва бу қонунбузарлик орқали таъминотчи корхоналарга қарийб 124 миллион сўм зарар келтирилгани аниқланди. Корхона раҳбари ушбу ноқонуний ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 185–2-моддаси 3 қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган бўлсада, қилган ишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф этганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан айблилик масаласини ҳал қилмай туриб, жиноят иши қўзғатиш рад этилди. Ёки Мингбулоқ туманидаги Ингичка маҳалласида ўтказилган кўрик давомида Илғор кўчасида яшовчи А. А хонадонида электр ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиб олингани аниқланди. Хонадон эгаларига нисбатан далолатнома расмийлаштирилиб, етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинганда 39 миллион сўмни ташкил этди.

Худди шунингдек, 2019 йил давомида икки мингдан зиёд истеъмолчи энергия ресурслари тармоқларидан ноқонуний фойдалангани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан қўпол қонунбузилиш бўйича 8 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, етказилган зарарларни тўлиқ қоплангани инобатга олиниб 69 та жиноят иши қўзғатиш рад этилди.

Шу ўринда ўтган йил давомида электр энергиясидан 14 минг 224 нафар, табиий газдан 3 минг 579 нафар ва ичимлик сувидан 5 нафар қарздор истеъмолчини умумий тармоқдан узиб узиб қўйишга тўғри келганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Бюронинг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан суд органлари ва бошқа органларнинг ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида ҳам тизимли чора-тадбирлар кўриб келинди. 

Кундалик турмушда биринчи навбатда зарур бўлган хизматлар учун ўз вақтида маблағни тўлаб бориш фуқароларнинг мажбуриятидир. Бу қонунларимизда, тегишли меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топган. Қонун-қоидани билмаслик эса ҳеч кимни жавобгарликдан озод қилмайди. Ана шу оддий ҳақиқатни ҳар бир истеъмолчи онгига сингдириб бориш мақсадида фуқаролар ўртасида тизимли тарғибот олиб борилмоқда.

Тўлов маданияти қониқарли бўлмаган маҳаллаларда истеъмолчиларнинг тўлов интизомига риоя этиши ва ҳуқуқий маданиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йил давомида аҳоли ўртасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, тармоқларга ноқонуний уланишни олдини олиш борасида Мажбурий ижро бюроси шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан танлаб олинган 213 та маҳалла фуқаролар йиғинида 406 маротаба тарғибот тадбири амалга оширилди. Умуман олганда эса ўтган йил давомида юзма-юз мулоқот тарзида ва оммавий ахборот воситалари орқали 4 минг 484 та тарғибот тадбири ўтказилди. Жорий йилда ҳам айнан ушбу амалиётдан келиб чиққан ҳолда тўлов маданияти паст шаклланган 142 та маҳалла фуқаролар йиғини танлаб олиниб, ҳозирда тарғибот тадбирлари бошлаб юборилди.

Бюро фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларда кўрсатилмаган бўлса-да кам таъминланган оилаларнинг қарздорлигини бартараф этиш мақсадида бир ташаббусга қўл урилди ва у кутилган самарани бераётганлигини таъкидлашимиз жоиз. Шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари томонидан эҳтиёжманд хонадонларнинг коммунал тўловлардан қарзини ёпиш бўйича ҳомийлик ёрдамлари уюштирилмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь, декабрь ойларида худди шу йўл билан 136 нафар кам таъминланган оиланинг салкам 63 миллион сўм қарзи ҳудудда яшовчи тадбиркорлар, саховатпеша кишилар ёрдамида тўлаб берилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда бошқарма раҳбарияти томонидан шаҳар ва туманларда ўтказилаётган сайёр қабуллардан аҳоли мамнун. Ўтган йил мобайнида келиб тушган 13 минг 645 та мурожаатдан 12 минг 382 таси ёки 91 фоизи бевосита бошқарма ва унинг қуйи тизимларида ўз вақтида ҳал этилди.

ЎзА мухбири Акрамжон САТТОРОВ ёзиб олди.