Мажбурий ижро: Андижонда 1 триллион 349 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилди
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда бошқарманинг 2019 йил давомидаги фаолияти, дебитор қарздорликни қисқартириш, тўлов интизоми самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилга белгиланган режалар хусусида маълумот берилди.
– Вилоятда мажбурий тарзда ундирилиши белгиланган қарздорликни қисқартиб бориш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамидулло Масаитов. – Жумладан, 2019 йилда энергия ресурслари, яъни электр энергияси, газ, шунингдек, ичимлик суви таъминоти, қаттиқ маиший чиқиндилар, умуман, тегишли ҳужжатлар асосида мажбурий тўловга йўналтирилган ҳужжатлар асосида 1 триллион 349 миллиард 319 миллион сўм миқдорида маблағ ундирилди. Ушбу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 392 миллиард 482 миллион сўм ёки 41 фоизга кўпдир.
Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, алимент тўловларини ундиришда ота-оналар масъулиятини ошириш ҳамда томонларни яраштириш орқали ижро ишларини тамомлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўтган йили олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорлардан 115,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилган.
Алимент тўловчи оилаларни яраштириш, соғлом турмуш тарзига қайтариш бўйича ўтказилган учрашув ва мулоқотлар натижасида ажрашиш ёқасида турган 1 минг 439 оила яраштирилди. Бундан ташқари, алимент қарздорлигини ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаб келаётган 306 нафар қарздор амалдаги қонунлар доирасида маъмурий, 85 нафари жиноий жавобгарликка тортилди.
Бюронинг Андижон вилояти ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан 2019 йилда 2 минг 230 ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Улардан 1820 таси электр энергияси, 379 таси табиий газ тармоғига, 31 таси сув тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний уланиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Шундан 15 ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.
Фуқароларнинг мурожаати билан ишлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, фуқаролардан келиб тушган 14 минг 408 мурожаат кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 5 минг 794 шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, суд ҳужжатлари асосида уларга 5,4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.
Шунингдек, анжуманда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабар, яъни Андижон туманида яшовчи фуқаронинг ижро ҳаракатлари давомида ўзини ёқиб юбориш ҳолати муҳокама этилди. Юз берган ҳолат юзасидан маълумотлар берилди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг жавобгарлар Х.Г ва унинг оила аъзоларини Андижон туман Бешбўйноқ маҳалласи, Бодомзор кўчасидаги 140-уйдан мажбурий тартибда кўчириш ҳамда даъвогар М.Байхановани ушбу уйга киритиш бўйича ижро ҳужжати келиб тушган.
Мазкур суд ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 21 январь куни соат тахминан 18.00 ларда Бюронинг Андижон туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга борилганда тарафлар ўртасида далолатнома расмийлаштириш жараёнида келиб чиққан келишмовчилик сабабли ижро ҳаракатлари 2020 йил 22 январга қолдирилди.
Шундан сўнг МИБ ходимлари ва ижро ҳаракати учун жалб қилинган бошқа шахслар қайд этилган манзилдан чиқиб кетаётган вақтида жавобгар Х.Г. ўзига бензин сепиб, ўт қўйиб юборади.
Мажбурий ижро бюроси ходимлари оловни ўчиришга кўмаклашган. Аланга ўчирилганидан сўнг фуқаро Х.Г. бюро ходимлари томонидан Андижон тумани тез тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонасига олиб келинган.
Анжуманда Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармасининг 2020 йилдаги режалари ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Жорий йилда барча йўналишлар бўйича зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, самарали амалга оширилиши қайд этилди. Хусусан, истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш ва маблағларни ундириш мақсадида замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари кучайтирилиши, жорий этилаётган тизимнинг истеъмолчилар учун афзалликларини тушунтириш, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, соҳада адолат принципларини ўрнатиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини, тўлов маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар самарадорлиги оширилишига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.