Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Майсазорда иш қизғин
11:00 / 2016-01-29

Сурхондарё вилоятида 3 минг 500 дан ортиқ фермер хўжалиги 98 минг гектар суғориладиган майдонда ғалла парваришламоқда.

Сурхондарё вилоятида 3 минг 500 дан ортиқ фермер хўжалиги 98 минг гектар суғориладиган майдонда ғалла парваришламоқда.

Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, деҳқонларимизнинг сифатли, мўл ҳосил етиштиришида юксак самаралар бермоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, селекция ишларини тубдан яхшилаш, ҳудудларнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос навларни экиш, шартнома режасини ортиғи билан бажарган фермерларни муносиб рағбатлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ютуқлар омили бўлмоқда.

Қиш фаслининг мўътадил келаётганидан унумли фойдаланаётган ғаллакорлар бу йил ҳам бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил олиш учун дала юмушларини қизғин давом эттирмоқда. Бир текис ривожланаётган экинлар тажрибали миришкорлар маслаҳати ва тавсияси асосида суғорилиб, маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилаётир. Майсаларни баргидан суспензия қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Экин майдонларига етарли маҳаллий ўғит ғамлаш учун мавжуд техника воситалари ва ишчи кучи жалб этилган.

– Маҳаллий ўғит ернинг малҳами, – дейди Сурхондарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Ҳусан Холбоев. – У тупроқдаги намликни меъёрида сақлаб туради. Ўғит билан озиқлантирилган майдонларни белгиланган муддатларда суғориш майсани ривожлантириб, ҳосилдорликнинг янада ошишига кўмаклашади. Суспензия усулида баргидан озиқлантириш майсанинг турли зараркунандаларга чидамлилигини оширади. Айни пайтда ғаллакорларимиз мавжуд майдонларни шарбат усулида суғормоқда.

Вилоят фермерлари асосий майдонларда “Полавчанка”, “Крошка”, “Краснодар-99”, “Таня” каби маҳаллий иқлимга мос, серҳосил ва эртапишар ғалла навларини парваришлаётир. Шунингдек, “Гуром”, “Бобур”, “Денов”, “Грация” каби янги ва серҳосил навлар синовдан ўтказилмоқда.

Жарқўрғон туманидаги “Тўлаган ўғли Эсонқул” фермер хўжалиги 46 гектар майдонга ғалланинг “Аср” навини эккан.

– Ғаллачиликнинг сердаромад тармоққа айланаётгани биз, фермерларда ҳам янги навлар экиш, ҳосилдорликни янада оширишга катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди “Тўлаган ўғли Эсонқул” фермер хўжалиги раҳбари Иқбол Қодирова. – Ана шу мақсадда ўтган йили кузда “Аср” навли буғдой уруғини қадаб, бир текис ундириб олдик. Майса баравж туклаётир. Ҳар гектар ердан 50 центнердан ортиқ ҳосил олишни мўлжалламоқдамиз. Шу кунларда экин майдонларини озиқлантириш учун етарли миқдорда маҳаллий ўғит ғамлаяпмиз.

Бу йил Жарқўрғон туманида 267 фермер хўжалиги 9 минг 330 гектар суғориладиган майдонда бошоқли дон етиштирмоқда. Ҳозиргача экин майдонлари тўрт марта суғорилиб, суспензия қилинди. Минерал ўғитлар билан озиқлантириш, далага маҳаллий ўғит ғамлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Денов туманида 388 фермер хўжалиги 9 минг 904 гектар майдонда ғалла парваришламоқда. Бир текис ривожланаётган майсани шарбат усулида суғориш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, маҳаллий ўғит жамғариш белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятнинг Сариосиё, Олтинсой, Шўрчи, Ангор, Шеробод, Қизириқ туманларидаги ғаллазорларда ҳам қишки дала юмушлари илғор агротехник тадбирлар асосида қизғин давом эттирилмоқда.