English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Майли дўстим, бугун ҳар ким омон бўлсин..."
11:58 / 2022-01-10

Яқинда Самарқанддаги жадид бобомиз Беҳбудийнинг ва адиб, академик Садриддин Айнийнинг уй-музейини кўриб, сўнг Регистонни кезар эканман, ёш ўғлон Илҳомжонга дуч келдим. У менга «Бедор туйғулар» номли навбатдаги янги китобини берди.

Илҳомжонни адиб ва шоир, журналист Ўлмас Жамол хотирасига бағишланган Халқаро ижодий танловда таниган эдим. 
Ўшанда Илҳомжон фахрли иккинчи ўринга муносиб кўрилган эди. У хориждан туриб шеърларини йўллаган, талаба эканлигини билганмиз, холос. 

Илҳомжон Нарзуллаев 1997 йил Самарқанд вилояти Нарпай тумани Кўк ота қишлоғида туғилган. Ўрта мактабда ва 2013-2016 йилларда Самарқанд ҳарбий академик лицейи (ҳозирги Темурбеклар мактаби)да таҳсил олиб, эндиликда Н.Е. Жуковский ва Ю.Гагарин номидаги Воронеж  Ҳарбий ҳаво академиясининг битирувчи 5-босқич курсанти.

Унинг «Қалбим гавҳари» номли шеърлар тўплами 2016 йилда, «Она алласи» номли китоби эса 2017 йилда чоп этилган бўлиб, бу навбатдаги китоби «Бедор туйғулар» эса 2020 йил Самарқанддаги «Зарафшон» нашриётида босилиб чиққан. 
Ҳа, мусофир ўлкада юриб, Ватанни, ота-онани, туғилган қишлоғингнинг ўт-ўланлари-ю, ҳар бир кесак-тошигача соғинишинг, чет элларда бўлиб кўрган ҳаммага яхши таниш. 

Бу туйғулар юракка яқин... Бу туйғулар ростдан ҳам мудрамайдиган, ухламайдиган, виждонингни уйғотиб, руҳингни безовта қилаверадиган, жонингни ҳар нафас ҳалқумингга келтириб, оромсиз ижодга ундайдиган, Ҳазрат Навоий айтмоқчи: «Бағир қонидан» ишқ ва Ватан меҳри ҳақида шеърларни тинимсиз ёздирадиган туйғулардир.

Китобни варақлар эканман, «Аросат, Дадамга», «Онамга мактуб», «Шоирларга», «Шеърларимга», «Севги», «Севгини тинч қўйинг», «Мусофир», «Олам ва одам», «Мажлис», «Инсон кўнгли», «Хаёллар» каби бир қатор шеърларини ўқир эканман, муаллифнинг ўзи нима учун бундай шеърларни ёзганлигини ҳикоя қилиб турар экан, юрагимга ажиб туйғулар ўз лашкарин тортиб келарди. 
Маҳобатли Регистон ва январь ойининг совуқ куни, дарахтзордаги йўлак бўйидаги ўриндиқда ўтириб, юрагимга яқин бир инсонни топгандек бўлдим. 

– Аввало оиламга оғирим тушмасин, деб келажакни ўйлаб Темурбеклар мактабига топширдим. У ерни битиргач, Самарқандда олий таълимда бир йил ўқиб, иккинчи курсда ҳозирги ўқишимга имтиёзли равишда йўлланма олиб, грант асосида у ерга бориб таҳсилни давом этдирдим... Беш йилки Воронежда жами ўн саккиз йилдан бери ўқийман, – дейди у.
Энг муҳими, ғурури бутун Ватан посбони бўлиб касбига отланаётган бу йигитнинг, шоир қалбининг гўзаллиги ҳаммани ҳайратлантиради. 

Айбга йўйманг муҳаббатни сиз,
Қўйинг майли, телбача севсин.
Муҳаббатга асир дилларнинг,
Оллоҳ ўзи бахтини берсин.
Ёки:
Майли дўстим, бугун ҳар ким омон бўлсин,
Ҳар кимнинг ҳам мушкуллари осон бўлсин.
Синов учун берилган бу кенг дунёда,
Эзгуликни таратгувчи инсон бўлсин.

Дарҳақиқат, муҳаббат ва эзгуликни англашнинг ўзи кўпларни шоир қилган.  Юрагида Ватан меҳри соғинч билан улғайган йигит келажакда ҳақиқий Ватан посбони бўлишига ишонамиз.

 

Ўлмасбек Хўжаев,

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг 

аъзоси, шоир-журналист