Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Самарқандда ижодкорлар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
“Зарафшон” газетасининг 110, “Самаркандский вестник” газетасининг 105 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган беллашувларда вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари ходимлари қатнашди.
Улар бадминтон, стол тенниси, шахмат-шашка ва бир қатор жамоавий спорт турлари бўйича ўзаро беллашди.
[gallery-12462]
– Байрам арафасида ҳамкасбларимиз ўртасида спорт мусобақалари ўтказиш анъанага айланган, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров. – Бу йилги беллашувлар вилоятимизнинг иккита бош нашри – “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари юбилейига бағишланди. Мусобақаларда вилоятдаги барча оммавий ахборот воситаларидан, ахборот хизматларидан вакиллар иштирок этди. Мақсад – ҳамкасбларимиз ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдир.
Мусобақа доирасида 44-бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчиси, Осиё чемпиони Маржона Маликова иштирокида маҳорат дарси ўтказилди.
Барча спорт турлари бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, фахрий журналистларга ҳам ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА