Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Майдонда – суд тизими ходимлари
11:57 / 2025-11-25

Наманган вилояти суди томонидан судья ва тизим ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида спорт мусобақалари ўтказилди. Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида бўлиб ўтган шахмат ва мини-футбол бўйича турнирда вилоят судлари ҳамда маъмурий суднинг судья ва ходимлари иштирок этдилар.

Олий суд раиси томонидан тасдиқланган махсус чора-тадбирлар режаси ижроси доирасида ташкилланган мазкур мусобақанинг очилиш маросимида суд раислари барча жамоа аъзоларига омад тилади. Мусобақанинг шахмат ўйинларида қатнашчилар ақлий салоҳиятини намоён қилган бўлса, мини-футбол баҳслари ҳам қизғин ва муросасиз руҳда кечди. Турнир низомига кўра, мини-футбол беллашувларида илк босқичда тўп сурган жамоалар орасидан кейинги босқичга кучли жамоалар саралаб олинди. Ярим финалдан сўнг ҳал қилувчи баҳсда Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда суд департаменти бирлашган жамоасига қарши тўп сурди. 

Мазкур ўйиннинг асосий дақиқасида ҳисоб очилмагач, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланди. “Футбол лотереяси”да омад фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоасига кулиб боқди. Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Суд департаменти ходимларидан иборат жамоа иккинчи ўрин билан кифояланди. Қолаверса, мини футбол баҳсларида жиноят ишлари бўйича Норин тумани судининг девонхона мудири Элёр Нурматов – “Энг яхши ўйинчи”, Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Шоҳруҳ Халилов – “Энг яхши ҳужумчи”, вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Бекзод Абдураҳмонов – “Энг яхши дарвозобон” номинациялари бўйича ғолиб, деб топилди. 

Шахмат беллашувларида Наманган вилояти судининг судьяси Авазбек Иномов барча рақибларидан кучли эканлигини кўрсатиб, ғолибликни қўлга киритди. Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими ходими Муҳаммадюсуф Ҳакимов фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликни эса, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судья ёрдамчиси Дилноза Воҳидова якунлаб берди. Мусобақанинг барча ғолиб-совриндор жамоаларига диплом, медаллар ва эсдалик совғалари топширилди. Биринчи ўринга сазовор бўлган жамоа вакиллари бош соврин – “Наманган вилояти суди раиси кубоги”ни бошлари узра баланд кўтардилар. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.