Қалбларга эзгулик ва эртакнамо ҳисларни улашувчи Янги йилда, табиат ҳам ўзининг энг нафис туҳфаларини аямай тарқатмоқда. Яқиндагина бутун мамлакатни оқ либосга буркаган қор барчамизга завқ ва шодлик улашган бўлса, қишнинг асл қиёфаси олис тоғларда янада жозибали, янада сирли тус олди.
Сўнгги кунларда Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Майданак тоғларида ёғиб ўтган қор ҳақидаги хабарлар жамоатчилик эътиборини ўзига тортаётгани бежиз эмас. Айрим ҳудудларда қор қалинлигининг 2-3 метрга етгани акс этган тасвирлар ҳар қандай инсонни ҳеч бўлмаса бир марта тоғ сари йўл олишга ундайди. Бу манзаралар бизни ҳам бефарқ қолдирмади.
Саёҳат осон бўлмаслигини олдиндан сезган ҳолда йўлга отландик. Енгил транспорт воситасида тоғ томон йўл олар эканмиз, Чит қишлоғидан сўнг йўлдаги қор қалинлашиб, сафаримизни давом эттириш учун пиёда юришга тўғри келди. Атрофни чулғаган беқиёс оқлик кўзни қамаштирар, юқорилаган сари танамизда алоҳида тетиклик ва руҳий енгилликни ҳис қилиб борардик. Салкам бир соатлик машаққатли йўлдан сўнг, тоғ тепасидан тушган махсус техника ёрдамида айнан шов-шувларга сабаб бўлаётган қалин қорли ҳудудлар сари йўл олдик.
[gallery-27002]
– Майданак обсерваториясида қарийб 30 йилдан буён меҳнат қилиб келяпман, – дейди Майданак туристик марказининг бош мутахассиси Алишер Рўзиқулов. – Бу йил қор ҳар йилгидан анча эрта ёғди ва баракали бўлди. Айрим жойларда қалинлик 1,5 метрга етса, баъзи чуқур ҳудудларда 3 метргача чиқди. Ёғингарчилик ҳали давом этади. Бу халқимиз учун барака. Қор миқдори ортиши келгусида сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади. Асосан қиш фаслида бу ерга ташриф буюрувчилар сони ошиб бормоқда. 16 декабрдан 22 декабргача узлуксиз қор ёғди, шамол тезлиги сониясига 32 метргача етди. Ҳаво ҳарорати кундузи − 6, кечаси эса −14 даражагача пасайди.
Денгиз сатҳидан 2650 метр баландликда жойлашган ҳудудда транспорт ҳаракати учун очилган йўлнинг икки четидаги қор қалинлигини кўздан кечириш мақсадида яна бир муддат пиёда ҳаракатландик. Икки кунлик қуёшли об-ҳаво таъсирида қор бироз эриганига қарамай, атроф манзараси ҳамон лол қолдирувчи гўзаллигини сақлаб қолган эди. Бу беқиёс манзарага мафтун бўлиб турганимизда, ҳамроҳларимиз Майданак тоғлари йил давомида деярли шундай оқ либосда бўлишини бамайлихотир таъкидлашди.
– Майданак кенгликларининг иқлими ўзига хос ва бебаҳо, – дейди “Катта Ўра” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Зокир Рўзибоев. – Қиш фаслида бу ерда доимий равишда қор ёғади, баъзан унинг қалинлиги 3-4 метргача етади. Ана шунинг ўзиёқ кўплаб маҳаллий сайёҳларни жалб қилмоқда. Келажакда бу ҳудудда ташкил этилаётган туристик марказ эса сайёҳлар сонини икки-уч баравар ошириши кутилмоқда.
Бу ерда асосий меҳмон ҳам, мусаввир ҳам – табиатнинг ўзи эди. Қор учқунларидан ҳосил бўлган шакллар гўё шамолга қўл узатаётгандек тасаввур уйғотар, сукунатни эса фақат қор тозалаётган техникаларнинг овози бузиб турарди. Аммо шу овоз ҳам манзарага мослашиб, унга ўзгача завқ бағишлайди. Чексизликка чўзилган азим тоғлар эса қорли кўрпа билан ўралган нуроний қиёфани эслатарди.
Бўйимиз баробар қорли йўллар, узоқ ва машаққатли сафар якунида танамизда озгина ҳорғинлик сезилса-да, руҳан тетик эдик. Жаннатмонанд юртимизнинг қишки зийнатини яқиндан кўриш ва ҳис этишнинг ўзи ҳам инсонга беқиёс ҳаловат бағишлар экан.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари