Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятининг туристик салоҳияти ниҳоятда кенг экани ва бундан унумли фойдаланиш лозимлигини вилоятга қилган ташрифлари давомида ҳар гал таъкидлаб ўтади. Шу боис кейинги йилларда вилоятда кўплаб янгидан-янги туризм маршрутлари ташкил қилинмоқда. Туризм бўйича бир қанча истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши натижасида вилоятга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони сезиларли ортмоқда.
Шаҳрисабз туманидаги Мираки туризм марказининг ташкил этилиши, Китоб туманидаги Қайнар ва Башир қишлоқларида кўплаб туризм лойиҳаларини жорий қилиниши, мана шу йўлда амалга оширилган ишларнинг исботидир.
Эндиги навбат вилоятнинг Қамаши туманидаги “Майданак” обсерваторияси негизида туристик-рекреацион зона ва халқаро умуммавсумий курорт лойиҳасидир. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги тегишли қарорига асосан ушбу йирик лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида ҳудудда замонавий меҳмонхона, савдо кўнгилочар, маданий-соғломлаштириш объектлари, обсерватория, планетариум, астрономик музей, атрофни кузатув майдони, спортнинг тоғ-чанғи экстремал турлари ташкил қилинади.
Денгиз сатҳидан 2 минг 700 метр баландликда жойлашган объектда айни кунларда ишлар қизғин паллага кирган.
[gallery-24138]
– Жорий йилда шале услубида бир қаватли 10 та ва 2 қаватли 10 та дам олиш маскани ҳамда ресторан қурилади, – дейди Майданак объекти бўйича лойиҳа менежери Севдор Набижонов. – Бугунги кунда ер ишлари ва шалеларнинг ёғоч қисмларини монтаж ишлари олиб борилмоқда. Йўлларни таъмирлашда маҳаллий гранит тошларидан фойдаланяпмиз. Бундан ташқари, бу ерда иккита телескоп биноси ҳам бор. Лойиҳа доирасида улар ҳам қайта реконструкция қилинади. Шу билан бирга ҳудуддаги совуқ об-ҳавога мослашган дарахтлар кўчатларини ҳам синов муддати билан экишни бошладик. Биринчи босқич қурилиш ишларини жорий йилнинг октябрь ойигача якунлашни мўлжаллаяпмиз.
Айтиш жоизки, Қамаши туманида ҳам экотуризм, зиёрат туризми ва гастротуризмни янада ривожлантириш учун каттагина потенциал бор. Маълумотларга кўра, 2024 йилда ҳудудга 1,5 минг нафар хорижий, 24 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, Майданак баланд тоғ туризм маскани каби сайёҳлик маршрутларини ишга тушиши ҳисобига ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳлар сонини 10 мингдан, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 54 мингдан ошиши кутиляпти. Келажакда йиллар давомида бу кўрсаткични 150 мингга етказиш мўлжалланган.
– Майданак обсерваторияси 1970 йилда барпо этилган бўлиб, асосан ҳарбий база сифатида фойдаланилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Жасур Норқобилов. – Ҳозирги кунда бу ерни туризм масканига айлантириш режа қилинган. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2023 йилдаги Майданак баланд тоғ туризм маскани ташкил этиш бўйича чиқарилган қарорлари муҳим омил бўлмоқда. Шу қарорга асосан Давлат активларини бошқариш агентлиги бошчилигида “Туронбанк” маблағлари ҳисобига қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Кўриб турганингиздек объектнинг табиат манзараси жуда чиройли ва баҳаво. 9 минг гектардан ортиқ майдонни Зарафшон арчаси қоплаб олган. Келажакда 58 гектар майдоннинг 14,75 гектарида 21 та лотлар мўлжалланган. Ҳозир 6 та лот бўйича ишлар кетяпти. Қолганлари босқичма-босқич аукционга чиқарилиб, тадбиркорларга тақдим этилади.
Юртимизнинг бу каби сўлим ва кўркам гўшалари бисёр. Шунчаки бу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда туристик лойиҳаларни амалга ошириш эса, иқтисодий самарадорликка эришишга, кўплаб иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари