“Майданак” баланд тоғ туристик-рекреацион зонасида ишлар қизғин паллада
Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг тоғли ҳудудида жойлашган “Майданак” обсерваторияси негизида давлат раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги тегишли қарорига асосан барпо этилаётган туристик-рекреацион зона ва халқаро умуммавсумий курортида айни дамда ишлар қизғин паллага кирган.
Айтиш жоизки, Майданак ҳудудига тез орада ташриф буюрувчилар тунда юлдузлар ва осмон жисмларини кузатиш, маданий ҳордиқ чиқариш, шунингдек, эко туризм йўналишида дам олиш имкониятига эга бўлади.


Майданак табиати, мусаффо ҳавоси ва осмон равшанлиги билан сайёҳлар учун бетакрор маскан ҳисобланади.


Янги лойиҳа доирасида бу ҳудуд астрономик кузатувлар, оилавий саёҳатлар ва маънавий ҳордиқ учун замонавий ҳамда қулай масканга айланмоқда.


Ҳозирда объектда енгил конструкцияли уйлар қурилишини якунлаш, капсулали уйларни жойлаштириш, телескопни таъмирлаш, сув олиб чиқиш, йўлакларни давом эттириш, электр таъминоти билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА