Асаларичилик – қадимий соҳа. Гарчи “етти хазинанинг бири” дея таърифланса-да, бол етиштириш билан шуғулланишга ҳаммаям рўйхушлик беравермайди. Чунки болари парваришлашнинг икир-чикири, ўзига яраша қийинчиликлари бисёр. Қисқа айтганда, “чидаганга чиқарган”. Шундай бўлсада Фарғона вилоятида бугунги кунда мингдан зиёд асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинган.
Ўзбекистон тумани Нурсух қишлоғида фаолият бошлаган асаларичилик дўкони айнан мазкур соҳа вакилларининг кўнглидаги иш бўлди. Сабаби, бу ерда асалари оиласини етиштиришдан тортиб, касалликларга қарши курашиш, бол йиғиштириш, яшик ва жиҳоз-ускуналар, озуқагача – барчаси муҳайё. Бунга қўшимча равишда турли хизматлар ҳам йўлга қўйилган.
– Дастлаб иккита яшикда асалари боқишни бошлаганман. Ҳаммаси касаллик натижасида нобуд бўлгач, уйдагилар қаршилик қилишди. Лекин тўхтамадим. Қайтанга янада ғайрат билан киришиб ишладим, – дейди тадбиркор Шерзодбек Нурматов. – Бугунга келиб 120 та асалари оиласини парваришлаяпмиз. Соҳада кўплаб муаммолар борлигини ҳисобга олиб, асаларичиларга яқиндан кўмаклашиш мақсадида шу дўконга асос солдик. Мижозларимиз сони кун сайин ортмоқда. Қўлдан келганича хизматдамиз.

Таъкидлаш керак Шерзодбек “дипломсиз олим” лардан. Соҳани икир-чикиригача билади, қачон ва қандай тадбир қўллаш кераклигини беминнат ўргатади, ўзи ҳам тинимсиз тажриба ўтказади. Устозлари Дадабоев домла, Абдураҳмон акалардан уч йил давомида асал етиштириш сир-асрорларини ўрганган.

– Бу дўкон очилганидан жуда хурсандмиз. Нимага тушунмасак, қандай тадбир зарур бўлса, югуриб келамиз. Қанақа жиҳоз, асбоб-анжом керак бўлса, ҳаммаси бор бу ерда, – дейди асаларичи Шуҳратжон Абдураҳмонов. – Баъзилар 1-2 та асалари оиласини боқади, ҳосилни йиғиш учун ускуна сотиб олиш малол келади. Шунда Шерзодбекка қўнғироқ қилишади ва муаммо ҳал бўлади.
Шерзодбекнинг икки шогирди ҳам бор. Улар ёрдамида баъзи жиҳозларни шу ернинг ўзида ясаб, сотишни йўлга қўйган. Лекин ускуна ва асбобларнинг асосий қисми хориждан олиб келинади. Шу каби муаммолар ҳақида у куйиниб гапириб берди.
– Вилоят асаларичилар уюшмаси томонидан кўплаб ишлар амалга ошириляпти, бироқ ҳал қилиниши зарур муаммолар ҳам бор, – дейди у. – Мисол учун оддий инвентарь ва ускуналар, махсус озуқалар асосан Хитойдан олиб келинади. Йил сайин уларнинг нархи ошиб бормоқда. Имкон қадар маҳаллийлаштириш ҳаракатидамиз. Асални сотиш ҳам муаммо, ҳосил йиғиш мавсумида бу кўпроқ кўзга ташланади. Вилоятимизда йилига камида 200 тонна асал етиштирилади. Ички бозордан ортганини экспорт қилувчи корхоналар етишмайди. Унинг айтишича, асаларичиларнинг катта душмани – заҳарли химикатлар экан. Ғўза, буғдой майдонлари, боғ-роғларга сепилаётган заҳарли моддалар кўплаб болари оилалари нобуд бўлишига олиб келмоқда.

– Бу фикрга мен ҳам қўшиламан, қишлоқ хўжалиги мутасаддилари дала майдонларига заҳарли химикатлар сепилишига эътибор қаратишса, яхши бўларди. Мисол учун, бир кун олдин огоҳлантирилса, яшикларни бошқа майдонга ташиб чиқиб кетиш мумкин. Ёки тунги пайтларда сепиш ҳам мумкин. Бу орқали асалари оилалари сақлаб қолинарди, – дейди Бағдод туманидан келган асаларичи Муҳаммаджон Исоқов.
– Юртдошларимизда асаларичиликка қизиқиш катта, – дейди Шерзодбек Нурматов. – Айниқса, асаларилар билан чанглатиш учун дала бошига асалари қутиларини жойлаштириш табиий мувозанатни яхшилаши баробарида асалчиниям, боғбонниям, деҳқонниям даромадини оширади.
Эл дастурхонига шифобахш неъмат етиштириб берувчилар учун қулай шароит яратиш зарур. Суҳбатимиз якунига етаркан, ҳозирча вилоятда ягона ҳисобланган, машҳур мультфильм қаҳрамони – Мая номи билан аталган дўконга Наманган-у Қашқадарёдан, Андижон-у Жиззахдан келган мижозлар, бирор буюмни суриштириб келган харидорларга дуч келдик. Уларни бир жиҳат – соҳага қизиқиш, эл хизматига шайланган тадбиркорлик бирлаштирган.
М.Сулаймонов,
ЎзА