English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайлови ўтказилади
12:49 / 2022-03-16

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Уни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди. 

Кенгаш йиғилишида фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 105-моддаси ҳамда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддаларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайловини шу йилнинг май ойида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Мазкур қарор асосида Сенат Раиси бошчилигида Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ҳамда сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди. 

Бундан ташқари, ҳудудларда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузиш, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашиш, сайловни ўтказишда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, сайлов ўтказиладиган жойларда тиббий хизмат кўрсатилишини самарали ташкил этиш, санитария-гигиена талаблари ва карантин қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш, шунингдек, сайлов жараёнини кенг ёритиш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг биринчи йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди. 

Таъкидландики, ушбу сайловда 9 минг 300дан зиёд фуқаролар йиғинлари раислари сайланиши кутилмоқда. Фуқароларнинг сайловда иштирок этишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш, сайлов иштирокчилари қонун талабларига, шу жумладан, ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи тамойилларига сўзсиз риоя этишларини таъминлаш бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги энг муҳим вазифалар ҳисобланади. 

Сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди. 

[gallery-6168]


Муҳтарама Комилова, ЎзА