Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Махтумқули Фироғий ўзбек-туркман дўстлиги кўприги”
18:48 / 2023-03-15

Хоразмда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман шундай номланди.

Урганч туманидаги Ўзбек-Туркман дўстлик уйида буюк туркман шоири Махтумқули Фироғий ижоди ва ҳаётига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Республика туркман миллий маданият маркази  ҳамда Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Зафарбек Аҳмедов, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов ва бошқалар сўзга чиқиб буюк туркман шоири, мутафаккири Махтумқули ижоди ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик тимсоли эканлигини таъкидлади.  

– Адабиёт дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Санъатбек Салаев. –  Азалдан бир дарёдан сув ичиб, қўни-қўшни бўлиб яшаб келаётган ўзбек ва туркман халқларининг қалблари муштарак – тили ва урф-одатлари яқин, маданияти уйғун, адабиёти ва санъати ҳамоҳанг. Туркман халқи Алишер Навоий ғазалларини севиб ўқиганидек, ўзбеклар ҳам Махтумқулини ўз шоиридек ардоқлайди. Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда вилоятимизда ҳам туркманларнинг яшаш шароитлари, уларнинг таълим олишга, меҳнат қилишга, шунингдек, ўз миллий урф-одатларини асраб-авайлашлари учун кенг имкониятлар яратилди. Уларнинг тарихи ўрганилмоқда. Маданияти тарғиб қилинмоқда.  

Икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро тадбирлар доирасида туркман миллий маданияти, Махтумқули асарлари чоп этилган китоблар кўргазмаси,  “Улли ҳовли” туристик мажмуасидаги асори-атиқалар, туркман миллий ҳунармандчилик асарлари ва туркман гиламлари кўргазмаси, туркманистонлик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Махтумқули Фироғий Президентимиз таъбири  билан айтганда беқиёс сўз санъаткори, нафақат туркман халқига, айни пайтда бутун Марказий Осиё халқлари, хусусан ўзбек халқига ҳам бирдек азиз ва қадрли сиймодир.  

Халқаро анжуманда “Ўзбек ва туркман дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда Махтумқули маънавий меросининг ўрни”, “Махтумқули Фироғий ўз Ватанига, халқига хизмат қилишнинг буюк намунасидир”, “Махтумқулининг ижодий дунёсини ўрганишда илмий ҳамкорликнинг аҳамияти” каби мавзуларда тарихчи олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг маърузалари тингланди.  

Халқаро илмий - амалий   конференция  қатнашчилари Хива шаҳрининг “Ичан Қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳудудида ҳам бўлишди.  

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири