Янги йилнинг 5 январидан бошлаб Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таълим жараёнини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятга янгича ёндашувларни жорий этиш мақсадида қишки таътил вақтида барча факультет профессор-ўқитувчилари учун махсус ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Шу асосда университетнинг ўқув аудиторияларида проректорлар ва бўлим бошлиқлари томонидан илмий-тадқиқот, ўқув-услубий, маънавий-маърифий мавзулар бўйича профессор-ўқитувчиларга кенг маълумотлар берилмоқда.

Семинарда профессор-ўқитувчилар учун ўқув дастурларини ТОП-300 олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари асосида оптималлаштириш, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш ва янги методологияларни жорий этиш, таълим сифатини ошириш учун ўқув-методик қўлланмаларни такомиллаштириш, маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш, университетнинг халқаро рейтингдаги нуфузини оширишга қаратилган тадбирлар, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарлар доирасида профессор-ўқитувчилар ўзаро тажриба алмашиб, таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятига инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича янги билимларга эга бўлиб, ҳар бир йўналиш бўйича долзарб мавзулар муҳокама қилинмоқда. Ушбу семинарлар нафақат ўқитувчиларнинг салоҳиятини ошириш, балки университетнинг умумий ривожланиш стратегиясига катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири