Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Махсус ҳуқуқий режим” тушунтирилмоқда (+видео)
15:53 / 2025-12-15

Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 августдаги “Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун- моҳияти солиқ органи ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига тушунтирилмоқда.

Учрашувларда мазкур қарор давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда яширин иқтисодиёт улушини сезиларли даражада қисқартириш, солиқ солиш базасини кенгайтириш, жисмоний шахслар учун қонуний фаолиятнинг жозибадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди.  

Қабул қилинган мазкур қарорга биноан 2030 йил 31 декабрга қадар тўлов ташкилотларининг рақамли платформалари орқали якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга давлат ва молиявий хизматларни онлайн тарзда кўрсатиш бўйича махсус ҳуқуқий режим жорий қилинади.

–2026 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш ва солиқ даврида товарларни реализация қилишдан, даромади юз миллион сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахслар айланмадан олинадиган солиқ туридан озод қилинади,– дейди давлат солиқ инспектори Умарбек Раҳимбоев.  –  Шунингдек, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди. Энг асосийси, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тўловларни контактсиз «tap to pay» технологияси орқали қабул қилиш жорий қилинмоқда.

Қайд этиш керак, мамлакатимизда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга кўпгина енгилликлар берилмоқда. Иқтисодиёт рақамлашган сари солиқ ислоҳотлари ҳам жадаллик билан солиқ тўловчилар ҳиссасига енгиллашиб бормоқда.

Учрашувларда яратилган рақамли платформалар орқали якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари, шунингдек, солиқ ҳисоботларини электрон шаклда топшириш имкониятлари яратилгани бўйича тушунчалар берилмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wdhWQA6gcFE" title="“Maxsus huquqiy rejim” tushuntirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари