English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Махфий маҳкама” ёхуд қонунсиз қамалганлар қиссаси
12:27 / 2021-08-06

Яқин ўтмишда рўй берган адолатсизликлар, миллатчилик ва инсон ҳуқуқларини менсимаслик каби унсурлар, мустабид тузум давридаги сўнгги қатағон – "Ўзбеклар иши", "Пахта иши" деган сохта уйдирмалар мамлакатимиз мустақиллиги шарофати билан ниҳоясини топди.

Аммо, ўтмишнинг аёзли даврлари халқимизнинг хотирасига қора доғлар бўлиб ўрнашди. Шулар ҳақида ўйлаб, истиқлол нақадар буюк неъмат эканлигини кўзларимиздан сизиб чиққан бир томчи нам билан тан оламиз...  

Ҳа, шўролар даврида халқимиз кўрган талафотлар талайгина. Улардан бири адабиёт ихлосмандларига яқиндан таниш бўлган, 1969 йилдан 2013 йилга қадар прокуратура органларининг масъул лавозимларида, жумладан, алоҳида муҳим ишлар бўйича тергов қисмларида ишлаган Исматилло Йўлдошевнинг «TURON NASHR» нашриётида чоп этилган “МАХФИЙ МАҲКАМА ёхуд қонунсиз қамалганлар қиссаси” номли китобида очиб берилган.  

Мазкур қиссада адиб томонидан ишончли маълумотлар, тарихий ҳужжатлар, аниқ мисоллар келтирилган бўлиб, асар ўқувчисининг қалбини ларзага солади. Ўша собиқ ҳукмрон тузум зўравонлиги, марказдан юборилган ҳамда маҳаллий тергов органлари вакиллари билан тўлдирилган “десантчилар” гуруҳи, уларнинг ғайриқонуний ва ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари акс этган асарни ўқир экансиз ёвуз кучларнинг қонунни, адолатни, халқимизнинг шаъни ва ғурурини оёқости қилиб амалга оширган кирдикорларига нисбатан нафратингиз ошиб боради.  

Ҳа, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Исматилло Йўлдошевнинг умрининг охирги йилларида ёзиб битилган мазкур китобида ўтган кунлар, халқимиз бошига тушган туҳматлару оғир маломатлар, Гдлян, Иванов ва улар гуруҳига кирган қонунбузар терговчиларнинг ҳақиқий башаралари тўғри ва холисона очиб берилган бўлиб, кечаги кундан бехабар ёшлар учун Мустақилликнинг қадр-қимматини белгилаб беради.  

Адибнинг хотираларини ўқир экансиз, терговчи юқори процессуал лавозим эгаси сифатида фақат ва фақат қонуний йўл билан аниқланган ҳамда инкор этиб бўлмас далилларга асосланган ҳолда иш олиб бориши, айбланувчини ҳам қоралайдиган, ҳам оқлайдиган жиҳатларни адолат тарозисига солиб, шундан кейингина узил-кесил хулосага келиши лозим бўлса-да, Гдлян, Иванов ва улар бош бўлган тергов гуруҳи аъзолари ўз фаолиятида ушбу талабларни қўпол тарзда бузиб, қонунларни сурбетларча оёқости қилганлигига ғойибона гувоҳ бўласиз. Ўз муддаоларига эришиш учун гумонланувчиларни ваҳшиёна қийноқларга солиш, хотини, болаларини қамаш йўли билан ёлғон кўрсатмалар ёздириб, юзлаб юртдошларимизни қамашганлигидан хабар топасиз. Гдлянчилар ўзларича уйдирма айб қўйиб қамаган кишиларини отувга ҳукм қилиш билан қўрқитиб, “айбига” иқрор қилдиришганликларидан, пора берганлиги тўғрисида сохта кўргазмалар олишганликларидан нафратланасиз.  

Китоб халқимиз бошига тушган мудҳиш кунларнинг асл моҳиятини далиллар асосида очиб берган. Гдлян ва Иванов етарли малакасиз, процессуал нормаларни яхши билмаган, айниқса, Ўзбекистон қонунларини тан олмаган. Тергов гуруҳига кирган терговчилар эса ўз бошлиқларининг измидан чиқмасдан, топшириқларни кўр-кўрона бажарувчи, мансабпараст, ном чиқариш учун тўғри келган қабоҳатлардан тоймайдиган шахслар эканлиги кўрсатиб берилган.  

Албатта, юртимизнинг кўплаб асл фарзандлари қонунбузар терговчиларнинг кирдикорларини фош қилиш, уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйиш учун зарур чораларни кўрган. Китоб муаллифи ҳам ана шундай фидойи кишилардан бири эди. И.Йўлдошев собиқ иттифоқ Бош прокуратурасидаги махфий бошқармадаги фаолияти давомида Гдлян ва шерикларининг қонундан ташқари ишларини фош қилишга ҳаракат қилганлигини кўп гувоҳи бўлганман. Шу сабабли ҳам ушбу асарни ўқиб, ўша даврларга қайтгандек бўлдим.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, Исматилло Йўлдошев таниқли ижодкор. Унинг “Ёлғизлик” (Сўғдиёна – 1979), “Армонли дунё” (Зарафшон – 1980), “Ҳабиб бўлгин менга, муҳаббат” (Зарафшон – 1990), “Ҳавас” (Зарафшон – 2001), “Бунда тонглар кашф этар ўзни” (Зарафшон – 2002), “Бир ҳовуч офтоб”, “Қабоҳатга қўйилган тузоқ” (Зарафшон – 2004), “Кўнгил ёғдуси”, “Жумбоқ”, “Қалб чароғи” (Зарафшон – 2005), “Бешикдаги нур” (Зарафшон – 2007), “Рубежи жизни” (Зарафшон –2007), “Меҳр” (Зарафшон – 2009), “Ишқ меҳроби” (Наврўз – 2012), “Умр девони” (Шарқ – 2012), “На пути к истине” (Москва, Олма Медиа Групп – 2013), “Ўзимни тинглаб” (Зарафшон – 2014) сингари китоблари, 2007 йилда "Шарқ НМАК"да чоп этилган шеърлар, рубоийлар, киносценарийлар, қиссалар, бадиҳа, рисола ва бадиий лавҳалари жамланган уч жилддан иборат “Танланган асарлар”и ўз ўқувчисини топган. Унинг асарлари асосида "Ўзбектелефильм" томонидан яратилган фильмларда муаллифнинг ўзи бош ролни ўйнагани ҳам мухлисларида катта қизиқиш уйғотган.  

Афсуски, ҳаёт дегани ўткинчи, инсон бу дунёга келиб-кетувчи меҳмон экан. Жорий йилнинг 29 июль куни Исматилло Йўлдошев 70 ёшида оламдан ўтди. Биз унинг оила аъзолари ва мухлисларига ҳамдардлик билдирамиз. Ўйлаймизки, адолат ва ҳақиқат куйчиси Исматилло Йўлдошев ёзиб қолдирган асарлар унинг тириклигини абадиятга муҳрлайди.  

Абдукамол РАҲМОНОВ,  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.  

ЎзА