Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида вилоят даволаш-профилактика муассасалари, Наманган шаҳри ва туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда юқумли касалликлар профилактикаси йўналишидаги ишлар ҳолати танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов қайд этганидек, бутун мамлакатимиз бўйлаб, хусусан, Наманганда ҳам қизамиқ касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бирламчи тиббиёт муассасаларида болаларни қизамиққа эмлаш учун барча шароитлар яратиб қўйилган. Қайд этилганидек, қизамиқ – ҳаво орқали жуда тез юқадиган вирусли касаллик. У оддий иситма ёки тошма билан чекланиб қолмайди. Қизамиқ ўпка яллиғланиши, мия яллиғланиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, иммунитетнинг кучли сусайиши каби оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Қизамиққа қарши эмлаш болани ушбу касалликдан деярли 100 фоиз ҳимоя қилади. Вакцина кўп йиллар давомида бутун дунёда қўлланиб келинади, ва у хавфсиз ҳамда самарали восита, шу туфайли миллионлаб болалар ҳаёти сақлаб қолинган.

Йиғилишида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилмурод Эргашевнинг қизамиқ касаллиги тарқалишининг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ҳисоботида таъкидланишича, амалга оширилаётган кенг қамровли тадбирларга қарамай Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманларида хавотирли вазият сақланиб турибди.
Йиғилишда аҳоли ўртасида ушбу хасталик ҳақида етарли даражада тасаввур ҳосил қилиш учун маҳаллалардаги тиббий тарғибот ишларини янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Қизамиққа қарши вақтида эмлаш самарали ва зарурий чора эканлигини одамларга тушунтириш лозим.
Жорий йилнинг 1-10 февраль кунлари вилоятда иммунизация ўн кунлигини ўтказиш юзасидан таклиф билдирилди. Бу борада оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Муҳокама йиғилишида бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Вилоятда руҳий касалликлар бўйича доимий фаолият кўрсатувчи штаб ташкил этиладиган бўлди. Соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, тиббиёт ходимлари ўртасида ҳуқуқий йўналишдаги, оналик ва болалик муҳофазасига қаратилган ишларни янада кучайтириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.