Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар аввало инсон манфаати, қадрини янада юксалтиришга қаратилган.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам қонун устуворлигини таъминлаш орқали фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилган.
Ҳеч кимга сир эмас, жамиятда адолатнинг қарор топиши кўп жиҳатдан суд қарори ижросининг таъминланишига боғлиқ.
Бу борада Мажбурий ижро бюроси Учқудуқ туман бўлими томонидан ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бюро томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойида жами 37,2 миллиард сўмлик 6 мингдан ортиқ ҳужжатлар бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди. Улардан 3,5 мингга яқин ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 2 минг 638 та ижро иши бўйича маблағлар ундирилди.
Жумладан, давлат фойдасига 4,9 миллиард сўм, юридик шахсларга 1,6 миллиард сўм ва жисмоний шахсларга 3,3 миллиард сўм пул маблағлари ундириб берилган бўлса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 718,1 миллион сўм маблағ ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва соҳага доир бошқа қонун ҳужжатлари асосида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ИИБ, солиқ органлари, банк, коммунал ташкилотлар ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари иштирокида иш юритувида қолдиқда бўлган 14,7 миллиард сўмлик 1683 та ижро ҳужжатлари ижроси маҳаллалар кесимида таҳлил қилиниб, қарздорликларни ундириш бўйича долзарб 3 кунлик ундирув тадбирлари ташкиллаштирилди.
Олиб борилган тадбирлар давомида 65 та ваколатли орган, 15 та солиқ органлари ва 25 та банк ҳамда 12 та коммунал ташкилотлар фойдасига ижро ҳужжатлари ижроси таъминланди.
Ушбу тадбирлар давомида 7 нафар қарздорнинг транспорт воситалари ва 1 нафар қарздорнинг кўчмас мулклари хатланиб, қарздорликни ундириш чораси кўрилмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан қарздорлиги юқори бўлган 6 нафар алимент тўловчи оилалар ўзаро яраштирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири