Парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатларнинг саволлари, таклиф ва тавсиялари кўриб чиқилган ҳолда лойиҳага кўплаб ўзгартишлар киритилди. Жумладан, биринчи ўқишда фракция томонидан спорт ва аҳолини соғломлаштириш ишларига бюджетдан ажратилган маблағ камлиги қайд этилган эди.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ушбу эътирозлар инобатга олиниб, соҳага яна қўшимча 54 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасидан ўқувчи ёшларнинг кутубхонадан кечки вақтда фойдаланишларига шароит яратиш мақсадида бюджетдан ташқари ахборот кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси харажатлари 1,2 миллиард сўмга кўпайтирилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар партия позициясидан келиб чиқиб фикрлар билдирди. Жумладан, фракция аъзоси Жаҳонгир Мамажонов мактабгача ва мактаб, олий таълимни лаборатория, хусусан, виртуал лаборатория жиҳозлари билан таъминлашга маблағ ажратилмаётганига эътибор қаратди. Бунга жавобан мутасаддилар 2024 йилда биргина лабораториялар учун реактивлар сотиб олишга 15 миллиард сўм ажратилгани, бу маблағлар маҳаллий бюджет параметрларида туришини, ўтган йили бу маблағ 11 миллиард сўмни ташкил қилганини маълум қилди. Мактабларни электрон, яъни виртуал доскалар билан таъминлаш масаласи ҳам босқичма-босқич амалга оширилаётгани айтилди.

Шунингдек, депутатлар йўл инфратузилмасига ҳам эътибор қаратиб, Ўзбекистонда 14 минг 863 та кўприк борлиги, шундан 32 фоизи, яъни 4 минг 834 таси қониқарсиз, 5-6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда эканлигини қайд этдилар.

Жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан авария ҳолатидаги кўприкларни тиклаш бўйича алоҳида қарор қабул қилинган ва унда 2024 ва кейинги йилларда давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратиш белгиланган. Бу бўйича алоҳида дастур қабул қилинган ва унда келгуси йилда 226 та кўприкни тиклаш кўрсатилган.

Аммо 2024 йилги бюджетда 27 та эски кўприкни таъмирлашга пул ажратилиши белгиланган холос. Фракция аъзолари қолган кўприклар қайси маблағ ҳисобидан таъмирланиши билан қизиқдилар ва мутасаддилардан батафсил жавоб олдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА