2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудий сув таъминоти акциядорлик жамиятлари томонидан режа асосида 3 317 километр ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари (101 фоиз), шунингдек, 1 639 та насос ускунаси (103 фоиз) жорий ва мукаммал таъмирланди.

– Бугунги кунга қадар жами 695 та эски турдаги насос ускунаси замонавий энерготежамкор насос ускуналарига алмаштирилди, – дейди “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Шу билан бирга, очиқ сув тозалаш иншоотларининг 46 та тиндиргич ва йирик резервуари, сув тақсимлаш иншоотларининг 1 601 та резервуари ҳамда 6 026 та сув минорасида қуйқадан тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари бажарилди.
Республика бўйлаб 16 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ташқи ичимлик суви ва оқова сув тизимлари кўрикдан ўтказилиб, зарур ҳолларда профилактик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, ҳудудлардаги 169 та махсус техника воситаси таъмирланиб, қайта ишга туширилди.

Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида ҳудудларда жами 232 та экскаватор, 46 та автокран, 3 та канализация тозалаш техникаси, 318 та авария тиклаш машинаси, 31 та гидродинамик машина, 46 та самосвал, 200 та сув ташиш техникаси, 24 та САГ ва 14 та компрессор шай ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, туман ва шаҳарлардаги диспетчерлик хизматлари ҳамда 446 та авария тиклаш бригадаларининг фаолияти кучайтирилган режимга ўтказилди. Ушбу бригадаларда 2 148 нафар тармоқ устаси ва чилангар фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, турли диаметрдаги (50–600 мм) 41,6 километр сув қувурлари, 922 та сув қувури ёпқичи, 112 та ёнғин гидранти, 3,6 километр изоляция (ҳимоя) материали ҳамда 451 дона темир қопқоқдан иборат зарур эҳтиёт қисмлар захираси яратилди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиб бериш ҳамда мавсумни беталафот ўтказишга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА