French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавсумий касалликлар сони кескин қисқарди
13:21 / 2026-01-31

Оммавий эмлаш, профилактик текширувлар ҳамда “Маҳаллабай” тизими орқали сайёр қабуллар натижасида Янгиер шаҳрида мавсумий касалликлар сони сезиларли даражада камайди.

Бу жараёнда шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ҳамда тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссаси алоҳида эътироф этилади.

– Қизамиқ 40 тадан 9 тага, вирусли гепатит “А” 75 тадан 9 тага тушди, вирусли гепатит “Б” 2024–2025 йилларда учрамади. Ўта хавфли юқумли касалликлар — вабо, ўлат, қутуриш ва ҚКГИ ҳолатлари ҳам умуман қайд этилмади, – дейди шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Ботирқул Донаев. – Энг асосийси, барча профилактика тадбирлари ва оммавий эмлаш ишлари мунтазам олиб борилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, Янгиерда кузатилган ижобий натижаларнинг асосий сабаби аввало болалар ва аҳоли ўртасида эмлаш қамровининг юқори даражада ташкил этилгани билан боғлиқ. Бунинг натижасида мавсумий касалликлар аниқ даражада камайиб, саломатлик кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди.

Қизамиқ касаллиги қарийб тўрт баробарга камайиб, 40 тадан 9 та ҳолатга тушди. Вирусли гепатит “А” ҳам 75 та ҳолатдан 9 тага тушиб, аҳоли саломатлигига таъсирини сезиларли даражада камайтирди. Айниқса муҳим жиҳати шундаки, 2024–2025 йиллар давомида вирусли гепатит “Б” умуман қайд этилмади, бу эса профилактика тадбирлари ва эмлаш ишларининг самарадорлигини яққол кўрсатади.

Болалар эмлаш қамрови ҳам юқори даражада таъминланган. Қизамиққа қарши эмлаш орқали 97 фоиз бола ҳимояланган, бўғма ва кўкйўталга қарши — 96,7 фоиз, пневмококк инфекциясига қарши — 96,5 фоиз бола эмланди. Шунингдек, 9 ёшли қизлар ўртасида ВПЧ вакцинаси билан қамров 95,8 фоизни ташкил этди. 2025 йилда туғилган 1 023 нафар чақалоқнинг 99,2 фоизи эса сил ва гепатит “Б”га қарши эмланиб, уларнинг соғлом ўсиши ва иммунитетини таъминлади.

Шу тариқа, эмлаш нафақат алоҳида болани ҳимоя қилиш, балки бутун жамоа саломатлигини сақлашда муҳим восита эканлиги яна бир бор тасдиқланди. Оммавий иммунитет орқали касалликлар тарқалиши чуқур даражада чекланиб, аҳоли саломатлиги тобора яхшиланмоқда.

Шу билан бирга, санитария-эпидемиологик назоратнинг кучайтирилиши, аҳоли орасида тушунтириш ишларининг самарали олиб борилиши ва “Маҳаллабай” тизими асосида ташкил этилган сайёр қабуллар эмлаш самарадорлигини янада оширмоқда. Бу жараён орқали фуқароларнинг савол ва шубҳалари жойида бартараф этилиб, тиббий хизматларга бўлган ишонч мустаҳкамланаяпти.

Янгиер тажрибаси шуни кўрсатадики, эмлаш нафақат ҳар бир бола ва каттани, балки бутун аҳолини ҳимоя қилувчи энг самарали профилактика воситасидир.

Ғулом Примов, ЎзА