Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавсумий ишларга жалб қилинган фуқароларнинг иш ҳақи ундириб берилди
14:43 / 2022-02-22

Бекзоджон Жўрақулов Навоий вилояти Хатирчи тумани “Миёнқол” маҳалласида яшайди. Навоий вилоят ҳудудий “Чорванасл” марказида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан мавсумий техник осменатор вазифасида ишлаб келган.

Аммо фуқарога белгиланган тартибда иш ҳақи тўланмаган. Натижада у ойлик иш ҳақлари берилмаётганидан норози бўлиб туман адлия бўлимига мурожаат қилди.

Ўрганишлар давомида Навоий вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази ҳамда Хатирчи тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 2021 йил 4 январда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича 2021 йил 31 декабр санасига қадар шартнома тузилган бўлиб, унга кўра марказ ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўтган ой учун жамоат ишларида қатнашган фуқароларга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи тегишли ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин иш берувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш кўрсатилган. Бироқ туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан “Чорванасл” марказига ёлланиб ишловчилар учун белгиланган пул маблағлари ўтказиб берилмаган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2021 йил 20 апрелдаги 01/00-03/14-4362-сонли хатига асосан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига март-апрель ойларида техник осменаторлар учун иш ҳақлари “Чорва насл” марказлари томонидан тўлаб берилиши белгиланганлиги сабабли 2021 йил март ойидан бошлаб Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан иш ҳақлари молиялаштириб берилмаганлиги тўғрисида жавоб хати берилгани маълум бўлди.

– Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеренария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг 9-бандида “Ўзбекчорванасл” агентликнинг бош директори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Чорванасл” марказлари директорларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили наслчилик иши ва сунъий уруғлантиришни ташкил қилиш учун 1 500 тагача ишчиларни шартнома асосида жалб қилиш ваколати берилган, – дейди Хатирчи туман адлия бўлими бошлиғи Зафар Насимов. – Жалб қилинадиган ишчилар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан 12 ойлик шартнома асосида ишсизлар ва банд бўлмаган шахслар сифатида жамоат ишларига жалб қилиниши ва уларнинг иш ҳақи жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган. Ўрганиш жараёнида Хатирчи туман адлия бўлими мазкур йўналишдаги яна 20 та мурожаатни қабул қилди.

Якунда қонунчиликда белгиланган тартибга кўра адлия бўлимининг судга Навоий вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази Хатирчи туман филиалида ишлаб кетган ходимлар манфаати учун киритган даъво аризаси қаноатлантирилиб, 20 нафар фуқарога 80 миллион сўмга яқин пул маблағлари ундириб берилди.

Абдували Бўриев, ЎзА