Шу кунларда Тошкент вилоятининг барча жойларда бўлгани каби Янгийўл туманида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда уни талафотсиз ўтказиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Мазкур жараёнлар юзасидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб, ҳудуддаги барча коммунал соҳа ташкилотлари, фавқулодда вазиятлар бўлими масъуллари томонидан кўргазмали намойиш ташкил этилди. Унда зарур техникалар, асбоб-ускуналар ва автотранспорт воситалари намойиш қилинди.
Янгийўл тумани ҳокими Одилжон Атауллаев, фаоллар, журналистлар ва ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди. Ўз навбатида жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини мониторинг қилиш ва амалга оширилаётган ишларни назорат қилаётган махсус Штаб фаолияти ҳам ўрганилди.
Матбуот анжуманида мутасадди раҳбарлар томонидан ОАВ вакилларига таълим ва тиббиёт муассасалари зарур ёқилғи ҳамда иситиш воситалари билан таъминлангани, муҳандислик коммуникациялари, газ ва электр тармоқлари кўрикдан ўтказилиб, мавжуд камчиликлар бартараф этилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, бугунги кунда 11 та мактаб ва 7 та давлат мактабгача таълим ташкилотига кўмир маҳсулотлари олиб келинган. Қозонхоналар иситиш учун тайёрланмоқда. Шунингдек, Янгийўл туман тиббиёт бирлашмаси таркибида жами 1 та марказий шифохона ва 10 та Оилавий поликлиникалар мавжуд бўлиб, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ҳамда ёнғин хавфсизлигига тўлиқ риоя этилиши учун керакли анжомлар, ўт ўчириш воситалари билан тўлиқ таъминланган.
[gallery-25648]
– Туманда жами 131 та кўп қаватли уй-жойлар 12 та МФЙ ҳудудида жойлашган бўлиб, улардаги хонадонлар сони 4 минг 77 тани ташкил этади. Биноларни мавсумга тайёрлашда бошқарув сервис компаниялари томонидан тизимли ишлар қилинди. Жумладан, 13 та уйнинг кириш йўлагига замонавий темир эшиклар ўрнатилди. Жойларга 10 та домофон ҳамда 120 дона кодли қулфлар ўрнатилди. 16 та уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникациялари жорий ва мукаммал таъмирланди, 7 та болалар майдончаси ҳам таъмирдан чиқарилди, – дейди Янгийўл тумани ҳокими ўринбосари Олимжон Тошев.
Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди. Пресс-тур давомида журналистларга маҳаллалар ва ижтимоий соҳа объектларида олиб борилаётган ўрганишлар ҳам кўрсатилди.
А.Мусаев, А.Алижонов, ЎзА