Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавсумга тайёргарлик бошланди
13:23 / 2026-02-09

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги барча фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари иштирокида 2026 йил ҳосили учун пахта навларини жойлаштириш ва ҳосилдорликни ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Дастлаб, вилоятда чигитни экиш мавсумини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда қўшимча техникаларни жалб этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. 

Ҳудуднинг ўтган мавсумда қишлоқ хўжалиги соҳасида йўл қўйган камчиликлари таҳлил қилиниб, айрим фермер хўжаликлари томонидан белгиланган режалар бажарилмагани кескин танқид қилинди.   

Шунингдек, “Шинжон” усули асосида 1 минг 478 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш белгиланганига қарамасдан, ҳозирга қадар томизғичли шланг, полиэтилен плёнка ҳамда хорижий уруғлик бўйича захира умуман яратилмагани, айрим фермерлар бу борада шартнома тузиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрмагани маълум қилинди. 

Шу муносабат билан масъул раҳбарлар ва хўжаликларга тегишли хулосалар чиқарилиб, такрорий ҳолатларга йўл қўймаслик, 2026 йил ҳосили учун туманда пахта экиш ишларини самарали ташкил этиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш кераклиги айтилди. 

Йиғилишда жорий йил ҳосили учун туманда жами 139 та фермер ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан 428 та контурда 5 минг гектар майдонга чигит экилиши, ўртача ҳосилдорлик 52 центнер этиб белгилангани ва шартномавий режа 26 минг 19 тоннани ташкил этиши маълум қилинди. 

Экиш мавсумини белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказиш мақсадида ҳозирда фермер хўжаликларида 8 та қўшқатор сеялка мавжуд бўлиб, қўшимча 13 та сеялка харид қилиш бўйича шартномалар имзоланган.   

Йиғилиш якунида вилоят ҳокими томонидан масъул раҳбарлар ва фермерларга аниқ муддатлар белгилаб берилди, сусткашликка йўл қўйган хўжаликлар огоҳлантирилди ҳамда 2026 йил пахта мавсумини юқори самара билан ўтказиш юзасидан топшириқлар берилди. Вилоят раҳбари қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмасида ҳам иштирок этди. 

А.Мусаев, ЎзА.