Сирдарё вилоятининг барча туманларида пахта терими олдидан ғўза майдонларини дефолиациялаш, пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, шунингдек, очиқ майдонларга ва ғўза қатор ораларига ғалла экишни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинарлар бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, туманлар секторлари раҳбарлари, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, фермерлар ҳамда дахлдор мутасаддилар, оқсоқоллар иштирок этди.
Дастлаб юқори ҳосилдор чигит ва қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, кимёвий ўғитлар намуналари, техникалардан иборат қишлоқ хўжалиги кўргазмаси билан танишилди. Очиқ майдонларда ғалла экишга старт берилди. Баракали хирмонни тўплашда бел боғлаган бободеҳқонларнинг ишига унум, эл дастурхонига тўкинлик, юртимизга тинчлик тилаб дуо қилинди.
[gallery-13421]
Семинарда сўз олган вилоят ҳокими пахта йиғим-теримига киришиш олдидаги сўнгги агротехник тадбирларни тўғри йўлга қўйиш бўйича кластер раҳбарларига ўз тавсияларини берди. Мавсумда ҳашарчиларга етарли шароитлар яратиш ҳақида алоҳида тўхталган Акмалжон Маҳмудалиев кунлик иссиқ овқат ташкил этиш, терим пули ўз вақтида тарқатилиши, фаол теримчиларни қўшимча рағбатлантириш каби масалаларда кластерлар раҳбарларига алоҳида масъулият юклади.
Шунингдек, семинар давомида вилоятимизда 2023 йилда 77 500 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилаётгани айтилиб, кутилаётган пахта ҳосилдорлиги, кластерлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Очиқ майдонларга ва ғўза қатор ораларига ғалла экишни сифатли ташкил этиш, экин майдонларини фосфорли ва калийли ўғитлар билан ўғитлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам келишиб олинди.
Қайд этилишича, сирдарёлик миришкорлар 2024 йил ҳосили учун 73 минг гектар, шундан 28 минг 914 гектар очиқ ер майдони, 44 минг 85 гектар ғўза қатор орасига кузги бошоқли дон экинларини экишни мақсад қилган.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (суратлар), ЎзА