Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавсумга қизғин тайёргарлик кўрилган
17:14 / 2025-05-16

Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Garden Buxoro Agroklaster” МЧЖда ғалла ўримини уюшқоқлик билан ташкил этишда транспорт воситалари шайлигига бағишланган кўргазмали ўқув-амалий семинар ташкил қилинди.

Мавсумда бор куч ва имконият бобо-деҳқон, миришкор фермер хўжаликлар томонидан етиштирилган буғдой ҳосилини нобуд қилмасдан, тез ва сифатли йиғиб олишга қаратилган тадбирда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов, фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Шукрулло Аюбов, шунингдек, туманлар ҳокимлари билан биргаликда қишлоқ хўжалигига дахлдор агрокластерлар, таъминотчи, хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар масъул-мутасаддилари иштирок этди.

Жорий йил ҳосили учун вилоят миқёсида жами 3 минг 70 та фермер хўжалигининг 65 минг гектардан иборат ғалла майдонида буғдойнинг серҳосил навлари экилиб, ялпи ғалла хирмонини 520 минг тоннадан ошириш мақсад қилинган. Миришкор ғаллакорлар пешона тери эвазига бу йил ҳар гектар ҳосилдорлигини 80 центнерга етказиш ҳаракатига киришган. Шунингдек, жорий мавсумда 15 минг 700 тонна уруғлик дон ҳам жамғариш белгиланган.

Айни кунда вилоятда қизғин тайёргарлик кўрилган ғалла ўрим-йиғим тадбирига жадал киришиш ва бу мавсумни юқори суръатда якунлаш учун жами 182 та юқори унумли комбайн агрегати жалб қилинмоқда. Мазкур агрегатларнинг 134 таси “СASE” 42 таси “KLASS” ва ўнга яқини “VEKTOR” ҳамда “DOMINATOR”  комбайнларидир. Ўрим-йиғим даврида ҳар бир комбайнга 5 тадан дон ташиш транспорт воситаси бириктирилаётгани қўшилса, ғалла майдонларида июнь ойи дастлабки ҳафтасидан киришиладиган қизғин мавсумда мингдан ортиқ техника воситаси кучидан фойдаланилади. 

Шу билан бирга, ўримда қатнашадиган комбайнлар бригадаларидан ташкил топган 182 та ўрим отряди тузилган бўлиб, уларга ёқилғи ташиш, мобил техник хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар хизматларидан вакиллар бириктирилмоқда.

Семинарда ўрим-йиғимга тушадиган юқори унумдор қишлоқ хўжалиги техника воситалари кўргазмаси ташкил этилди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.