Бухоро шаҳридаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсумига расман старт берилди.
Тадбирда секторлар, корхона ва ташкилотлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, имом хатиблар, ёшлар, спортчилар, ободонлаштириш ходимлари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов лойиҳанинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди. Ушбу хайрли иш вилоят экологиясини яхшилаш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшишини таъкидлади.
Шу куни Янгиобод маҳалласининг бўш турган ҳудуди обод этилди. Бу ерда “Маҳалла боғи”ни барпо этиш мақсадида 500 га яқин манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилди.
[gallery-14082]
Маълумот учун: Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳамда “Яшил макон” кузги мавсумини самарали ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” деб эълон қилинди. Унинг доирасида бу мавсумда Бухорода 6,5 миллион туп кўчат экилиши режалаштирилган. Бунинг учун вилоятда 3 та кўчат етиштиришга ихтисослаштирилган хўжаликда 7,7 миллион дона 27 хилдаги турдаги дарахт ва кўчат захиралари яратилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари