Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни Жиззах вилоятида ҳам катта тантана билан нишонланди.
Юнус Ражабий номли вилоят драмма театрида бошланиб, “Яккасарой” тантаналар мажмуасида давом этган байрам тадбирларида вилоятнинг барча туманлари элимиз фаравонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари, илмий муассасалар ходимлари, миришкор деҳқон ва фермерлар, чорвадор ва пиллакорлар, меҳнат фахрийлари, соҳага алоқадор корхоналар вакиллари қатнашди.
Вилоят ҳокими Эргаш Солиев барчани байрам билан табриклаб, ўзларининг фидокорона меҳнати билан намуна бўлиб келаётган соҳа ходимларини эришган ютуқларини алоҳида эътироф эди.
– Сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари, минтақамиздаги экологик муаммолар ҳамда бу йилги пандемия оқибатида қишлоқ хўжалигида янги-янги синов ва қийинчиликлар юзага келганига қарамай кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган деҳқон ва фермерлар мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлмоқда. – деди ҳоким иштирокчиларни байрам билан қутлар экан. – Давлатимиз раҳбарининг барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилишга бераётган катта эътибори улкан муваффақиятларга асос бўлмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларга деҳқону фермернинг ишончи ортаётгани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда эришилаётган ютуқларимизда намоён бўлаётир.
Жорий йил вилоятда 684 минг тонна ғалла, 220 минг тонна пахта, 730 тонна пилла, 440 минг тонна мева-сабзавот, 615 минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда 231 миллион дона тухум етиштирилди. Биринчи марта Бахмал туманида 400 гектар жойда зафарон экиш йўлга қўйилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 41,3 минг тоннаси қайта ишланиб, 26,8 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди.
Бу йил вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами ўн бир триллион 218 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан бир триллион 936 миллиард сўм кўп фойда олинди.
Жорий йилда етиштирилган пахта ҳосилининг 77,4 минг тоннаси ёки 35,3 фоизи машиналарда териб олинди. Ўтган йили бу кўрсаткич 9 минг 263 тоннани ёки 4,4 фоизни ташкил этган эди.
Албатта, юқоридаги натижаларга эришишда қишлоқ хўжалиги техникалари парки янгиланганлиги муҳим омил бўлди. 2020 йилда вилоятга 402,4 миллиард сўмлик жами 823 дона, шундан 45 дона ғалла ўриш комбайни, 236 дона пахта териш машинаси олиб келинди.
Жиззах мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳада ўз тажрибаси, салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ҳоким табригида деҳқончилик сиру асрорларини пухта эгаллаб устоз мақомига эришган миришкор деҳқонлар Ўзбекистон қаҳрамонлари Парда Зиятов ва Анорбой Эшматов, уларнинг изидан бораётган Арнасой туманидаги "Сангзор" фермер хўжалиги раҳбари Рашида Ёдгорова, Дўстлик туманидаги "Эшниёз бобо" фермер хўжалиги раҳбари Муртазақул Бўтаев, Шароф Рашидов туманидаги "Қўрғонтепа" фермер хўжалиги раҳбари Абдураҳмонов Абдунаби каби илғорларнинг фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этиб ўтди.
Ўзларининг фидокорона меҳнати билан юртимиз фаравонлигига салмоқли улуш қўшаётган дала меҳнатчилари давлатимизнинг, халқимизнинг эътибори ва эътирофига сазавор бўлаётир. Байрам тадбирида жорий йилда юқори кўрсаткичларга эришиб “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи”, “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги аълочиси”, “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, "Меҳр-саховат" кўкрак нишонларига сазавор бўлганларга ушбу мукофатлар топширилди.
Шунингдек, байрам тадбирида бир гурух илғорлар вилоят ҳокимининг автомобиль, музлатгич, совутгич, телевизор, микротўлқинли печ, газ плитаси, кирювиш машинаси, чангютгич каби қимматбаҳо совғалари билан мукофатланди.
– Бугунги кунда жамиятимизда меҳнат қилган киши эътиборда эканлигидан мамнунман, – дейди “Дўстликагросервис МТ” пахта териш машинаси оператори Зафар Жўраев. – Бу йил мавсумда 420 тонна пахта териб, республикамизда энг юқори кўрсаткичга эришдим. Бу меҳнати муносиб тақдирланиб, бугунги байрамда “Нексия-3” машинаси билан мукофатландим. Касбим билан фахрланаман.
[gallery-430]
Байрам "Яккасарой" тўйлар мажмуасида ташкил этилган дастурхон устида давом этди. Респубикамизнинг таниқли санъаткорлари иштирокида намойиш этилган концерт дастури байрам қатнашчиларига хушкайфият бағишлади.
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА