Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавсум тараддуди: Азиз Турғунбоев «Пахтакор» аъзосига айланди
17:28 / 2021-01-28

Профессионал клублар аллақачон янги мавсум тараддудини бошлаб юборган. Қайсидир клуб пойтахт марказида, кўп жамоалар жам бўладиган ҳудудда машғулотлар ўтказиш билан банд, қайсилар Фарғонада – анъанавий «Ҳоким кубоги»да қатнашяпти, имконияти дуруст клублар эса йиғинни хорижда давом эттиряпти.

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» ҳақида маълумот берганмиз. Сўнгги янгиликлар сифатида шуни айтиш жоизки, «шерлар» айни пайтда ўқув-машғулот йиғинини БААнинг Дубай шаҳрида давом эттиришяпти. Жамоа йиғин доирасидаги дастлабки ўртоқлик учрашувини Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубига қарши ўтказди ва 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради. 5 февралга қадар бардавом этадиган машғулотларда Москванинг «Спартак» ва Латвиянинг»Рига» жамоалари билан ҳам синов ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Таркибга келсак, клуб бугун маҳоратли футболчи Азизбек Турғунбоев билан келишувга эришди. Футболчининг гарчи «Навбаҳор» билан ҳали шартномаси тугамаган бўлсада тошкентликлар унинг трансфер масаласини ҳал этишди. Машғулотларда шунингдек, Киевнинг «Оболон» жамоасида маҳорат оширган Марлен Чобанов ҳам иштирок этяпти. Марлен 1995 йилларда Тошкентнинг «Трактор» жамоасида тўп сурган Бургандин Чобановнинг ўғли.

«Бунёдкор» таркибида ҳам кўплаб футболчилар синовдан ўтишяпти. Энг сўнггилари сифатида Асилбек Аманов («Сурхон») ва Санжар Рашидов («Сўғдиёна») машғулотларга келиб қўшилганини айтиш мумкин. «Қалдирғочлар» ўртоқлик учрашувларига зўр беришяпти. «Рубин» (3:1), АГМК ўринбосарлари (3:2), «Оқтепа» (3:2) жамоаларини мағлубиятга учратган бўлса, «Қўқон-1912» билан дуранг (2:2) ўйнади, «Андижон» жамоасига эса мағлубиятга учради (1:2). «Бунёдкор» айни пайтда Фарғонада «Ҳоким кубоги»да қатнашяпти ва бугун гуруҳ ўйинлари пешқдами сифатида чорак финалга йўлланма олди.

Олмалиқнинг АГМК жамоаси ҳам 4 январдан Дўрмондаги қароргоҳида кунига икки маҳалдан машғулот ўтамоқда. Куннинг дастлабки қисмида футболчилар тренажёр залда жисмоний юкламаларни олишаётган бўлса, тушдан сўнг майдонда тактик қўлланмалар ва ўйин ташкиллаштириш борасида шуғулланишмоқда. Йиғин доирасида 29 январь куни Термизнинг «Сурхон» жамоасига қарши назорат беллашувини ўтказиш режалаштирилган.

Жамоа Александр Касян («Сурхон»), Эргаш Исмоилов («Бухоро»), Дилшод Ахмадалиев («Бунёдкор»), Аббос Отахонов («Металлург») ва Ботирали Эргашев («Қўқон-1912») билан музокаралар олиб борди ва ижобий натижага эришди. Бир неча йилдан бери хорижда тўп сураётган, 2020 йилни Озарбайжон чемпионатида ўтказган Шоҳруҳ Гадоевнинг олмалиқликлар сафига қўшилиш эҳтимоли бор. Шунингдек, машғулотларда ўтган мавсумни Малайзиянинг «Теренггану» клубида ўтказган Санжар Шоаҳмедов иштирок этяпти. 2020 йилги чемпионатда АГМК шарафини ҳимоя қилган Комрон Абдуҳамидов («Турон»), Баҳром Абдураҳимов («Навбаҳор»), Элгужа Григалашвили ва Мате Ватсадзе («Қизилқум») ҳамда Шаҳзодбек Нурматов («Металлург») бу йил ўзларини бошқа жамоаларда синаб кўришни ихтиёр этишмоқда.

«Қўқон-1912» жамоасининг бу йилги мавсумдан «иштаҳаси катта». Бу жамоа ҳам янги мавсумга тайёргарликни йил бошидан – 4 январдан бошлаган. Ўз қароргоҳида олиб борилаётган машғулотлар давомида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди ҳам. Аввалига «Нефтчи»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, «Бунёдкор» билан 2:0 ҳисобида дуранг ўйнади.

Таркибда ҳам қатор ўзгаришлар юз бериши кутиляпти. Ҳозирнинг ўзида ўтган мавсумни «Машъал»да ўтказган Мўмин Мелиев ҳамда «Андижон» вакиллари ҳисобланган Фарҳод Бекмуродов ва Элдор Адҳамов билан шартнома тузишга эришди. Шунингдек, таркибда Азамат Исроилов (Андижон), Шоҳруҳ Холматов («Турон»), Рустамжон Абдуҳамидов («Нефтчи»), Хуршид Хўжаев («Истиқлол») каби футболчилар синовдан ўтишяпти.

Ёрдамчи мураббий Даврон Файзиев («Бухоро») ва футболчи Музаффар Музаффаров («Турон») таркибни тарк этишди. Машғулотларда шунингдек, Жасур Ёқубов («Сурхон»), Қувондиқ Рўзиев («Навбаҳор»), Ботирали Эргашев (АГМК) иштирок этишмаяпти.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА