Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ билан ҳамкорликда ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан Бўстонлиқ туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, табиий газ билан боғлиқ хавфсизлик чораларини кўриш, аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш, табиий газдан тўғри фойдаланиш бўйича амалий учрашувлар ўтказилмоқда.
Мазкур ўрганишлар давомида тумандаги масъул мутасаддилар ва соҳа мутахассисларига табиий газнинг йўқотилишини олдини олиш, уни келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш, асоссиз йўқотишларга барҳам бериш, газ сарфини тежайдиган ускуналарнинг имкониятларини истеъмолчиларга кенг тушунтириш, шунингдек, икки босқичли тизимга ўтказиш каби масалалар юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Хусусан, Бўстонлиқ туман газ таъминоти бўлими томонидан 2025–2026 йил куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш жараёнида аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ишлатиш ва чекка ҳудудларда яшовчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозиргача 200 метр газ қувурлари капитал ва 2,2 километр жорий таъмирдан чиқарилди, 333 та газ тақсимлаш пункти ва шкафли газ регуляторлари профилактикадан ўтказилди. Шунингдек, аҳоли хонадонларидаги газ ҳисоблагичлар ва ускуналарнинг техник ҳолати текширилиб, хавфсизлик талабларига жавоб бериши таъминланмоқда.
Бундан ташқари, тоғли ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини мунтазам газ билан таъминлаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Жорий йил давомида ушбу жойларга 812 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Масъулларнинг таъкидлашича, қишнинг аёзли даврида аҳолини газ билан таъминлашда узилишлар юз бермаслиги учун қўшимча 4 та махсус автотранспорт ва 1 та захира омборхона тайёр ҳолатга келтирилган.
А.Мусаев, ЎзА