Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавсум масъулияти: ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиш зарур
14:53 / 2026-02-17

Қарор ва ижро

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси ҳамкор ташкилотлар билан бирга ҳудудларда дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни самарали ташкил қилиш бўйича амалий семинарлар ўтказмоқда.  

Маълумки, Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан кўплаб вазифалар белгиланган. Хусусан, ҳар қарич ердан самарали фойдаланган ҳолда сифатли ҳосил олиш, қўшимча даромад манбаини шакллантириш зарур.  

Жумладан, Бекобод, Бўка, Пискент, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларида ўтказилган семинарларда ҳам мутахассислар ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос мевали дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш борасида тавсиялар берди. Шунингдек, боғ-қатор оралари, дала четлари ва йўл бўйидаги очиқ майдонлардан мақсадли фойдаланиш бўйича ҳудуд имкониятлари кўриб чиқилди. Кластерлар вакиллари, фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, муаммолари назоратга олинди.

– Жорий йил Бўка туманидаги 175 минг гектар ер майдонига 65 минг туп, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофига эса 60 минг туп мевали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Бўка тумани бўлими етакчи мутахассиси Жамол Жўраев. – Жараёнда ҳар бир фермернинг захира ерлари ўрганилди. Асосан ҳудудимиз иқлим-шароитига мос бўлган олча, беҳи, олхўри каби мевали дарахт кўчатлари экиляпти. Айниқса, сувсиз майдонларда ҳам шароит яратиб янги боғларни ташкил қилмоқчимиз. Семинар давомида ҳам фермерлар билан суҳбатлашиб саъй-ҳаракатларни тўғри ташкил қилишга келишиб олдик.  

Дала четларига экилаётган мевали дарахт кўчатларининг ҳолати атрофлича ўрганилиб, уларни тўғри экиш, самарали парваришлаш, шунингдек, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича фермерларга батафсил тушунтиришлар ва амалий тавсиялар берилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА