Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавсум ғалаба билан бошланди
16:02 / 2025-12-27

Янги мавсум олдидан юқори мақсадлар ва катта иштиёқ билан тайёргарлик кўраётган “Гулистон” профессионал футбол клуби мавсумолди режаси доирасидаги илк назорат учрашувини муваффақиятли ўтказди.

Навбатдаги синов баҳси Янгиер шаҳрида жойлашган Сирдарё футбол академияси жамоасига қарши бўлиб ўтди. Учрашув давомида “Гулистон” ПФК футболчилари ўзларининг юқори маҳорат даражаси, жисмоний тайёргарлиги ва ўйин тажрибаси билан рақибдан устун эканини яққол намойиш этишди.

Натижада баҳс жамоамизнинг 7:0 ҳисобидаги ишончли ва йирик ғалабаси билан якунланди.

Учрашувда голлар муаллифлари сифатида Шоҳназар Норбеков ва Алишер Собиржонов алоҳида фаоллик кўрсатиб, ҳар бири иккитадан гол уриб, дубл қайд этишди.

Шунингдек, Азамат Абдуҳалилов ҳам ўз номини таблога ёздирди. Ҳужум чизиғидаги жадаллик, ўзаро тушуниш ва тезкор комбинацион ўйин жамоанинг асосий устун жиҳатлари сифатида намоён бўлди.

Мазкур назорат учрашувида мураббийлар штаби ҳар икки таймда ҳам барча футболчиларга майдонга тушиш имкониятини яратишга алоҳида эътибор қаратишди. Шу орқали футболчиларнинг жисмоний ҳолати, ўйин амалиёти ҳамда турли тактик схемалардаги ҳаракатлари чуқур таҳлил қилинди. Айниқса, ёш футболчиларнинг ўйинга тез мослашуви, майдондаги интилиши ва масъулияти мураббийлар томонидан ижобий баҳоланди.

Учрашув давомида ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғидаги интизомли ўйин, тезкор прессинг ва ҳужумга ўтишлар жамоа томонидан ишлаб чиқилаётган тактик режаларнинг самарали эканини кўрсатди.

Дарвозабонлар ҳам ишончли ҳаракат қилиб, рақибга гол уриш имкониятини бермади.

Айни пайтда “Гулистон” ПФК мавсумолди тайёргарликни белгиланган режа асосида давом эттирмоқда. Олдинда яна бир қатор назорат учрашувлари режалаштирилган бўлиб, улар орқали жамоанинг оптимал таркиби шакллантирилиши ва янги мавсумга тайёргарлик янада кучайтирилиши кўзда тутилган.

Клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар янги мавсумда мухлисларни муносиб ўйин ва юқори натижалар билан қувонтиришни а мақсад қилган.

Учрашувдан сўнг “Гулистон” профессионал футбол клуби бош мураббийи Темур Жўраев жамоанинг мавсумолди тайёргарлиги ва илк назорат ўйини ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Темур Жўраев таъкидлашича, мазкур назорат учрашуви жамоанинг жорий ҳолатини баҳолаш, футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва тактик топшириқларни бажариш даражасини аниқлашда муҳим аҳамият касб этган.

— Мавсумолди даврида асосий эътиборни жамоавий ўйин, ўзаро тушуниш ва интизомга қаратяпмиз. Бугунги учрашувда футболчилар берилаётган кўрсатмаларни тўғри бажаришга ҳаракат қилди. Ҳисобдан кўра муҳим жиҳат — майдондаги ҳаракат, интилиш ва рақобатбардошлик бўлди,” — деди бош мураббий.

Шунингдек, мураббий жамоада ёш футболчиларга ишонч билдириш, уларни асосий таркибга босқичма-босқич жалб этиш клубнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг муҳим қисми эканини алоҳида қайд этди.

Темур Жўраев ўзининг профессионал фаолияти давомида турли жамоалар билан самарали иш олиб борган, миллий чемпионатларда рақобатбардош жамоаларни шакллантиришда тажриба тўплаган мутахассис сифатида танилган. Унинг раҳбарлигида жамоалар жисмоний тайёргарлик, тактик интизом ва майдондаги уюшқоқлик борасида сезиларли ўсишга эришган.

“Гулистон” ПФКдаги фаолияти давомида ҳам Темур Жўраев жамоада соғлом рақобат муҳитини яратиш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий иқтидорларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса жамоанинг янги мавсумда олдига қўйган юксак мақсадларини амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА