Бу йил Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги 2 та кластер корхонаси ҳамда 171 та фермер хўжаликлари томонидан 4 минг 460 гектар майдонда 13 минг 426 тонна қимматбаҳо саноат хомашёси етиштириш режалаштирилган. Пахта ҳосилининг салмоқли қисмини техника воситалари орқали йиғиштириб олишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу мақсадда “Арк эко текстиль кластер” МЧЖ томонидан Хитой давлатида ишлаб чиқарилган қиймати 3 миллиард 200 миллион сўм бўлган “FM WORLD” русумли пахта териш машинаси харид қилинди. Мазкур терим машинаси бир вақтнинг ўзида 4 қатор пахтани териш имкониятига эга. Машинада бир кунда кунда 40 тоннагача пахта териш имкони мавжуд. Энг муҳими, анъанавий терим машиналаридан фарқли равишда пахтани тоза теради.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳудудга ташрифи чоғида мазкур терим машиналарининг имкониятлари билан танишди. Аграр соҳага кенг тарғиб қилинаётган кластер тизимининг ажралмас бўлаги сифатида қаралаётган бу терим машиналарининг вилоятга келтирилиши пахта теришда қўл меҳнатидан воз кечиш йўлида қўйилган катта қадамлардан эканлигини таъкидлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.