Шу кунларда барча соҳаларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда газ таъминоти тизимидаги муҳим ўзгаришларнинг истеъмолчилар маиший эҳтиёжлари учун хизмат қилаётгани, уларнинг турмуш ҳаётига енгиллик олиб кираётгани аҳамиятлидир. Айниқса, об-ҳавонинг совуқ кунларида газ таъминотида узилиш бўлмаслиги, турли нохуш ҳолатларнинг юз бермаслиги эса мавсумга тайёргарлик ишларининг сифатига боғлиқ.
Навоий вилояти Конимех туманида 5495 та хонадонга 167,7 киломтер табиий газ тармоғи, 111 дона газ тақсимлаш қурилмаси орқали табиий газ етказилади. 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида газ тақсимлаш қурилмаларининг барчаси техник тафтиш қилинди. Режадаги 5 километр ўрнига 7,1 киломтер газ қувурларини босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилди.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида ходимларимизнинг ҳар бир ишни сифатли бажариши, хавфсизлик тўлиқ таъминланишига алоҳида эътибор берилди, – дейди “Конимехтумангаз” газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Муслим Ботиров. – Хусусан, газ сизиб чиқиши эҳтимоли мавжуд бўлган газ тақсимлаш қурилмалари таъмирланди. Ер ости қувурларимиз прибор усули билан текширилганда, бирор қисмида газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланмади. Туманда иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун белгиланган барча вазифалар тўлиқ якунига етказилди.
Мавсумга тайёргарлик жараёнида 2,5 киломтер ер ости газ қувурлари прибор усули билан текширилиб, газ сизиб чиқиши мавжуд ёки мавжуд эмаслиги текширилди ҳамда 17,3 киломтер газ қувурлари бўялди.
Абдували Бўриев, ЎзА